СамДУ дунёнинг ТОП-600 олий таълим муассасалари қаторидан жой олди

Дунёнинг энг нуфузли Times Higher Education рейтинг агентлигининг "Impact Ranking - 2025" натижалари эълон қилинди.

Унга кўра, Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети мазкур рейтингда дунёнинг энг яхши ТОП-600 олий таълим муассасалари қаторидан жой олди. Маълумот ўрнида айтиш керакки, 2025 йилда ушбу рейтингда дунёнинг 130 мамлакатидан 2526 университет иштирок этган.

2024 йилда ушбу рейтингда университет илк бор ТОП-1000 университетлар қаторига киритилган эди.

Самарқанд давлат университети, шунингдек, тоза сув ва санитария (СДГ6) ва қуруқликдаги экотизимларни асраш (СДГ15) йўналишларида дунёнинг ТОП-100 университетлари рўйхатига ҳам киритилди.

Шу муносабат билан вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов иштирокида университет илмий-педагогик жамоаси билан учрашув ўтказилди. Дастлаб университет фаолияти, кейинги йиллардаги янгилик ва ўзгаришлар ҳақидаги тақдимотлар билан танишилди.

Шундан сўнг бўлиб ўтган тадбирда вилоят раҳбари профессор-ўқитувчилар томонидан амалга оширилаётган амалий ишлар, олийгоҳ илмий салоҳиятини оширишга қаратилган илмий тадқиқот ва изланишлар, кадрлар тайёрлаш тизими ҳақида гапириб, университет жамоасини нуфузли жаҳон рейтингида эътироф этилганлиги билан табриклади.