СамДУ профессори ОТМ таълим тизимида олиб борилиши керак бўлган ислоҳотлар ҳақида

Чунки қанчалик уринмайлик, бакалавриатура ва магистратура орқали малакали, лаёқатли мутахассисларни танлаб олиш, уларни тадқиқотларни давом эттиришга жалб этиш қийин кечмоқда.

Олийгоҳни тугатаётган талабаларни битирув малакавий ишларни ёзишга мажбурлаш ҳам ўзини оқламаяпти. Яширишнинг ҳожати йўқ. Аксарият ҳолларда бу ишга талаба томонидан "мардикор" ёлланади. Оқибатда эса битирув малакавий иши мазмунини таҳлил қилиб бера олмайди. Бундай услубдан воз кечиб, битирув малакавий ишларни иқтидорли талабаларга имтиёз, келажакда илмий ишларини давом эттириши учун рағбат тарзида бериш, ишнинг илмий қимматига қараб, кафедра қарори билан магистратурага тавсия этиш мақсадга мувофиқ. Қолганлар ихтисослик фанларидан имтиҳон топшираверсин.

Саводсиз талабанинг университетга қабул қилиниши унда билим олишдан кўра, бир амаллаб диплом олишга бўлган қизиқишни кучайтиради. Ваҳоланки, таълимда нафақат сифатли дарс берувчи, айни пайтда яхши сабоқ олишни истовчилар ҳам бўлиши керак. Мазкур мувозанат бузилгани учун ҳам ўқитувчи бепарвога, талаба лоқайдга айланади. Оқибатда олий ўқув юрти талаба билимини такомиллаштиришдан кўра, ялқов талабани "судраб юриш"га мажбур бўлмоқда. Афсуски, иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш, уларни рағбатлантириш ўрнига тамагирлик орқали ёшларнинг иштиёқи, қизиқишини сўндиришга хизмат қилаётган ўқитувчилар ҳам йўқ эмас.

Яна бир масала, ишлаб чиқариш билан боғланмаган таълимда амалиёт учун етук мутахассислар тайёрлаш мумкин эмас. Масалан, бутун бошли филология факультетида ўзбек тилшунослиги йўналишида илмий даражага эга бўлган методист-ўқитувчи йўқ. Албатта, калтакнинг бир учи ўзимизга келиб тегади. Ёки талабаларнинг энг сўнгги русумдаги мобиль телефонларни тутиши унинг ўзини ёки ота-онасини қувонтириши мумкин аммо ўқитувчини эмас. Дастлаб уларнинг том-том ўқув адабиётларини телефонига жойлаб олишганида қувонгандик. Кейин билишимизча, талабанинг фаолияти фақат кўчириб олишдан нарига ўтмади. Мутолаани, китоб ўқишни бир четга суриб қўйишди. Талаба ёки ўқитувчининг дарсга телефонсиз киришини ташкил этиш шунчалик қийин ишми? Уларнинг кийиниш маданияти-чи?

Йирик саноат ишлаб чиқариш корхоналари, тиббиёт соҳаси ходимлари махсус иш кийимлари кийишади – бу уларга қандай ярашади. Мактаб, коллеж ёки лицейларда ҳам махсус кийим жорий этилмоқда. Нимага бу тажрибани олий таълим муассасаларида қўлламаяпмиз? Ўзини кўз-кўз қилиш, манманлик, кибр каби иллатларнинг олдини олишга хизмат қилувчи бу қоиданинг татбиқ этилиши бўйича қўшимча изоҳга ҳожат бўлмаса керак.

Шунингдек, талабалардан олинаётган жорий, оралиқ ва якуний назоратлар ҳам самара бермаяпти. Рости, бундай жараёнларда берилган тўрт саҳифа қораламани саноқли талабаларгина масъулият билан тўлдиради. Аксарият ҳолларда унда нима ёзилганини талаба ҳам, ўқитувчи ҳам билмайди. Талаба кўчиради – ўқитувчи имзо чекади. Дейлик, оғзаки ёки ёзма имтиҳон олишга нима халал беради? Қоидага кўра, имтиҳон оғзаки ёки ёзма бўлиши керак. Ҳар иккаласини баравар олиб бориш масаласига келганда, табиийки, ҳеч ким бир иш учун икки баравар вақт сарфлашни хоҳламайди ва осонини танлаб қўя қолади. Осони эса ёзма иш.

Касбга мос тарзда фанларни танлаш ва ўқитиш ҳам жуда долзарб масала. Инженерлик таълим йўналиши бўйича табиий фанларни касбга мос тарзда ўқитиш тўғридир. Лекин филология таълими ўқув режасининг салкам 40 фоизини Ўзбекистон тарихи, чет тили, валиология, математик мантиқ, олий математика, информатика, диншунослик, фалсафа, этика, маданиятшунослик, иқтисодиёт назарияси, жисмоний тарбия каби фанлар ташкил этади. Нима, ушбу фанлар ўтилмаса, талаба филолог бўлолмайдими? Булар орасида ўзбек филологияси мутахассисларини тайёрлаш учун Ўзбекистон тарихи ҳамда чет тилининг аҳамияти бордир. Бироқ ҳафтада бир марта ўтиладиган жисмоний тарбия машғулотлари ёрдамида талабанинг спортчи бўлиб қолишига ишонмайман.

Талаба имтиҳон элагидан ўтказилганда, уларнинг бир қисми элакдан тушиб қолади. Яъни, фанларни ўзлаштира олмаган талаба курсдан қолдирилади. Саралашнинг бу усулидан ҳозирча воз кечиб бўлмайди. Аммо лаёқатли, иқтидорли талабаларни ажратиб, улар билан махсус шуғулланишнинг фойдаси катта.

Устоз-шогирдлик – менталитетимизга жуда мос, асрлар давомида ардоқланиб келинаётган анъанамиз. Бироқ бу тизимни ривожлантириш борасида истакдан нарига ўтмаяпмиз. Баъзида ўз фарзандимизни тарбиялашга қийналамиз. Бировнинг боласини бағрига олиб, уни элга қўшиш, илм-фан ўргатиш осон иш эмас, албатта.

Айрим профессор-ўқитувчиларнинг ойлик маош камлиги, ишлашга шароит йўқлигидан нолиганини эшитсам, ўйланиб қоламан, дунё тамаддунига ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг қўш қаватли уйлари, қатор-қатор машиналари, илм қилиш учун бугунгидай ижодий лабораториялари, компьютер техникалари бўлмаган-ку?!

Нега юқорида таъкидланган муаммоларга муросасиз бўлиш ўрнига кузатувчилик позициясида туриб, "Уларни бартараф этиш менинг ишим эмас", дейдиганларга мамлакат истиқболини белгиловчи таълимнинг кўзга кўринмас душмани сифатида қарамаяпмиз?

Суюн КАРИМОВ,

СамДУ профессори.