Саноатнинг муҳим йўналишларидаги имкониятлар
25 декабрь куни давлатимиз раҳбари ҳудудларда электротехника, кимё ва фармацевтика тармоқларини ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.
Йиғилишда ушбу йўналишларда амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилиниб, келгуси йилдаги вазифалар белгилаб олинди.
– Ушбу уч йўналишни Самарқанд вилояти мисолида кўриб чиқадиган бўлсак, жорий йилнинг 11 ойи давомида 50 миллион АҚШ доллари миқдоридаги электротехника воситалари импорт қилинганини кўришимиз мумкин, - дейди Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов. - Жумладан, кимё саноати бўйича қарийб 74 миллион АҚШ доллари миқдорида, фармацевтика санотида эса 322 миллион АҚШ доллари қийматидаги маҳсулотларнинг импорт қилинганлиги ушбу йўналишларда вилоятда жуда катта имкониятлар мавжудлигини кўрсатади. Масалан, электротехника йўналишида жорий йилнинг ўтган даврида қиймати 32 миллион АҚШ долларига тенг 13 та лойиҳани ишга туширдик. Келгуси йилда бу йўналишда 1 миллиард 518 миллион АҚШ долларлик 83 лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. Кимё саноатида жорий йилда 46,9 миллион АҚШ доллари миқдоридаги 27 лойиҳа ишга туширилган бўлса, келгуси йилда 733 миллион АҚШ долларилик 53 та лойиҳани амалга оширилади. Фармацевтика йўналишида эса жорий йилда қиймати 29 миллион АҚШ долларига эга 6 та лойиҳа амалга оширилган бўлса, 2024 йилда 211 миллион АҚШ доллари қийматидаги 16 та лойиҳани амалга ошириш мақсад қилинган. Келгуси йилнинг 25 январига қадар ҳар бир лойиҳа экспертизадан ўтказилган ҳолда аниқ чора-тадбирлар асосида амалиётга жорий қилинади. Ва йил давомида ушбу йўналишдаги импорт маҳсулотларни маҳаллийлаштириш бўйича қўшимча лойиҳаларни амалга ошириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилади. Бунда хорижий инвестицияларнинг улуши масаласига алоҳида эътибор қаратилади.