Сартепа масканидаги бозорда қарияга оғир тан жароҳати етказган шахс қамоққа олинди

Хабарингиз бор, ўтган куни Сартепа масканидаги бозор қўриқчиси калтаклангани ҳақида хабар берган эдик.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти ушбу ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.

Аниқланишича, 2020 йилнинг 29 март куни тахминан соат 02:30 да 32 ёшли Азиз Т. Самарқанд шаҳрида жойлашган “Табиат-саховат” деҳқон бозори олдида жойлашган дўкон олдига келиб, шу дўконда норасмий қоровул бўлиб ишлаган фуқаро, 63 ёшли Хусинали М.га қорни очганлигини ва унга “хот-дог” тайёрлаб беришини айтган.

Аммо Хусинали М. унга дўкон карантин сабабли ёпиқлигини айтганидан сўнг у билан жанжаллашиб қолиб, Азиз Т. Хусинали М.ни қўл ва оёқлари билан қасддан уриб-дўппослаб, унга оғир тан жароҳати етказган.

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри буйича ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан фуқаро Азиз Т.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисми (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши бўйича Азиз Т.га ЖКнинг 104-моддаси 2-қисми “в” банди (ўта шафқатсизлик билан, қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан айб эълон қилиниб, унга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.