“Савдогарлар устози” ёхуд Абдуллоҳ ибн Муборак ҳақида нималарни биласиз?

Бугун китоблар жуда кўп. Чунки ёзувчи ҳам, қурувчи ҳам китоб ёзяпти. Ёзишни билган ёзади, билмаган ёздиради. Уларга таништирув ёзиш жуда оғриқли. Баъзан китоб деган муқаддас неъматдан кишини бездиради.

Яқинда қўлимга бир китоб тушди. Ундаги биринчи ҳикояни ўқишим билан китоб мени “ютиб” юборди. Китобдан ўрин олган ҳикояларда биз учун катта ибратлар бор.

Аслида ҳар кимнинг ҳам ҳаётдаги мақсадларидан бири фарзандларининг камоли. Бугун кишилар фарзанди “катта” одам бўлиши учун ҳар нарса қиляпти: шаҳардаги энг яхши боғча, чет тили тўгараги, тўрт-беш фандан репетитор, энг донгдор олийгоҳ, номдор ташкилотда иш. Аммо кун келиб уларнинг кўпи ўғли ё қизидан нолийдиган қарияга айланяпти. Сабаби, қачондир у сабаб фарзандининг томоғидан мазлумнинг бир луқма ҳаққи ўтган. Айнан шу барча қилинган саъй-ҳаракатларни йўққа чиқаради. Афсуски, бу бугуннинг кишиси учун ҳазиломуз туюлиши тайин.

***

...Муборак шаҳар қозисининг қули эди. У ҳалоллиги, тақвоси ва фаҳму фаросати билан соҳибининг меҳрини қозонди. Қози уни озод қилди. Ҳатто қизини сўраб турган саркардалар, вазирларни рад этиб, уни Муборакка берди. Камтаргина тўй қилишди. Улар боғ четидаги кичик ҳовлида яшай бошлади. Қозининг аёли қизининг ёнига бориб турарди. Тўртинчи ё бешинчи сафар у қизининг йиғлаб тургани устидан чиқиб, сабабини сўрайди. Буни билгач жазавага тушмайди, аммо кеч бўлганда эрига шикоят қилади: “Казо-казоларни рад этиб танлаган куёвингиз, мана, бир ойча вақт ўтибдики қизимизнинг юзига қарамабди”.

Қози ҳам бу гапдан маҳзун бўлади. Эртасига бомдоддан сўнг куёвини ҳузурига чақириб, кеча аёли билан гаплашгани ҳақида сўрайди.

Муборак бироз тараддудланиб жавоб қилди:

“Ҳалоллигингизга шубҳам йўқ. Аммо уйингизга кираётган молингизда бирор шубҳали нарса аралашган, бировнинг ҳаққи ўтган бўлиши эҳтимоли бор. Шу сабаб, қизингизни қирқ кун ўз меҳнатим билан топган молимдан таомлантиряпман. Бу бўлажак фарзандимиз, неварангизнинг келажаги учун қилинган бир иш” дея гапини тугатади.

Бу гапларни эшитган қози куёв танлашда адашмаганидан хурсанд бўлиб, Яратганга ҳамд айтди. Келажакда бу оилада мазҳаббоши Абу Ҳанифанинг энг суюкли шогирдларидан бири, улуғ олим, савдогарлар устози даражасига эришган Абдуллоҳ ибн Муборак дунёга келди.

У болалигидан фаҳму фаросатда тенги йўқ эди. Абдуллоҳ дунё кезиб, илм ўрганди, тижоратни касб қилиб, катта муваффақиятларга эришди. Унинг суҳбатларига узоқ юртлардан илм талаблари келарди. Шундай суҳбатлардан бирида “Аллоҳ наздида кучли мўмин яхшироқ экан. Буни бизга изоҳлаб берсангиз”, дея савол берилади.

- Мўмин киши нафақат жисмонан ва ақлан кучли, балки моддий жиҳатдан ўзига тўқ бўлса жамият ундан манфаат олади. Шундай киши илмли кишиларга ҳомий бўлади, юртда фитнага йўл очилишига қараб турмайди. Шундай кишилар бўлмаса, ахлоқсизлик авж олади, ахлоқсизлик ибрат бўлиб қолади, - деб жавоб берди.

Абдуллоҳнинг савдо карвонлари тўрт иқлимда кезган. Китобда тижоратдаги муваффақият сири ҳалоллик, адолат, ростгўйлик ва ҳиммат каби фазилатларда эканлиги, харомдан кўпайган мол кишига вафо қилмаслиги, фалокатга олиб бориши уқтирилади.

Умуман, китобдаги воқеалар ҳаётий, тили содда. Унда буюк бир инсон шахсияти ҳақида у билан ёнма-ён яшаган киши тилидан ортиқча бўёқларсиз, муболағалардан холи, борича тасвирланган. Шу боис, кўпдан бери йўқотиб юрган қадрдон нарсамни топгандек бўлдим. Ўқиб кўринг, албатта манфаат топасиз.

Сулаймон МАРДИЕВ.