“Саховат уйи”да уч авлод вакиллари учрашди

Вилоятда 4-10 октябрь кунлари “Кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш ҳалқимизга хос эзгу фазилат” деган бош ғояни ўзида мужассам этган “Кексалар ҳафталиги”ни ўтказиш ташкил этилган.

“Ипак йўли” туризм халқаро университети мамлакатимизда кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёшларга азалий қадриятларни ўргатиш ва уларни ҳурмат қилиш борасида “Кекса авлод оилавий ажримларга қарши”, “Бобом, бувим ва мен китобхон”, “Дийдор ширин” мавзуларида турли тадбирлар ташкил этиб келмоқда.

Жумладан, Самарқанд шаҳридаги “Саховат уйи”да уч авлод вакилларининг учрашуви ташкил этилди. Учрашувда кекса авлод вакиллари талабаларга республикамизнинг ўтмиш тарихи ва бугунини ўз ҳаётлари мисолида сўзлаб бердилар. Бугунги шукроналик кунларнинг қадрига етишни ёшларга маслаҳат беришди.

Учрашувда университет хотин-қизлар маслаҳат кенгаши раиси Муҳайё Аббосова Президентимизнинг “Янги Ўзбекистон стратегияси” китобининг тақдимотини ўтказиб, унинг мазмун-моҳиятини сўзлаб берди.

Шунингдек, тадбир сўнгида “Саховат уйи”даги кекса отахон ва онахонларнинг талабларига биноан университет кутубхонасидан улар ёқтирган адабиётларни етказиб беришга келишиб олинди.

Дилдора ТУРДИЕВА.