Сайёҳлар Самарқанд-Қарши йўлида нега қолиб кетганди?

Жорий йил октябрь ойнинг илк кунларида “Япониядан Ўзбекистонга келган сайёҳлар гуруҳи ҳаракатланаётган автобус Самарқанд-Қарши автомагистрал йўлида кетаётиб, ёқилғиси тугаб, бир соатга яқин вақт давомида воқеа жойида ушланиб қолганлиги” ҳақида маълумотлар тарқалганди. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси тегишли туристик ташкилот билан биргаликда ушбу ҳодиса юзасидан батафсил текширув ўтказди ва маълумот берди.

Таъкидлаш жоизки, мақолада назарда тутилган туристларга “Азим Травел Сервис” МЧЖ томонидан хизмат кўрсатилган. Автобус ҳам мазкур сайёҳлик ташкилотига тегишли бўлган. Қарши-Самарқанд автомагистралида ҳаракатланаётган сайёҳлар ижтимоий тармоқларда келтирилганидек, японияликлар эмас, аслида хитойлик бўлган. 2 октябрь куни 22 кишидан иборат сайёҳлар гуруҳининг туристик маршрути Термиздан Бухоро шаҳри томон йўналаётган бўлган. Хитойлик сайёҳлар гуруҳи қўшимча масканларни кўриш истагини билдиргани боис автобусни бошқараётган ҳайдовчи Косон туманидаги “Файзулло қутлуғ қадам” МЧЖга қарашли АЁҚШда тўхтаган.

Хитойлик сайёҳлардан юзага келган вақтинчалик ноқулайлик учун “Азим Травел Сервис” раҳбарияти томонидан узр сўралган. Шунингдек, улар кечки овқат билан меҳмон қилинган ва эсдалик совғалари ҳам топширилган. Хитойлик сайёҳлар вазиятни тўғри тушунган ҳолда Ўзбекистондаги саёҳати мазмунли ўтгани ва бундан мамнун эканликларини билдиришди. “Бизга кўрсатилган хизматлар, меҳмондўстлик учун чин дилдан миннатдорчилик билдирамиз. Ўзбекистонга саёҳат қилганимдан жуда мамнунман. Келгусида гўзал ва тарихий диёрингизга яна бир бор саёҳат қилишни ният қилдим”, дейди хитойлик турист Ян Лулу.

Шундай бўлса-да, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан ҳодиса юзасидан туркомпания вакиллари билан суҳбат ўтказилиб, улардан бундай вазият такрорланмаслигига оид тушунтириш хати олинди. Юқоридаги вазиятда тажрибасизлик қилган ходимларга ҳайфсан берилди ҳамда уларга профессионал хизмат кўрсатишга доир малака ошириш тавсия этилди.