Самарқандга сайёҳларни кўпроқ жалб қилишда миллий таом, ошхона маданиятининг ўрни катта

Бу ҳақда Самарқанд шаҳридаги «Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университетида ўтказилган «Инсоният ва ер юзи учун гастрономик туризм конгресси: Инновация, имкониятлар ва барқарорлик» мавзусида халқаро конгрессда айтилди.

Туркия Республикасидаги Памукқаъла университети билан ҳамкорликда ташкил қилинган тадбирда гастрономия туризми ривожланган ва шу йўналишда амалий натижаларни қўлга киритаётган Туркия, Индонезия, Беларусь, Озарбайжон, Тожикистон каби давлатлардан профессор, олимлар ташриф буюриб, соҳада амалга ошириш зарур бўладиган тавсиялари билан фикрлашди.

- Биз ўтган йили “Ипак йўли туризм ва маданий мерос халқаро университети билан гастрономия туризми соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича шартнома имзолаган эдик, - дейди Памукқаъла университети ректори Аҳмет Кутлухон. - Мамлакатга туристларни жалб этишда миллий таомларнинг, ошхона маданиятининг катта ўрни бор. Ўзбекистон ўзининг таомлари, нонлари билан машҳур. Бу гўзал маданий бойликни жуда чиройли тарзда сайёҳларга тақдим этиш туризм учун жуда муҳим. Шу жиҳатдан ўтказаётган анжуманимиз гастрономия туризмининг турли масалаларини муҳокама қилаётганимиз билан аҳамиятли.

Халқаро конгресс иштирокчилари Самарқанднинг тарихий ва гастрономик туризмни ривожлантириш мукмкин бўлган дойларни кўриш билан бирга бу соҳада фаолият олиб бораётган тадбиркорлар билан суҳбатлашди, фикр алмашди, ўз мамлакатларидаги тажрибалардан келиб чиқиб тавсиялар берди.