Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар сони икки баробар ошди
Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти мутахассислари кейинги йилларда Ўзбекистонда туризм соҳасида амалга оширилган натижаларни ўрганди.
Унга кўра, 2017-2022 йилларда Ўзбекистонга келган чет эллик сайёҳлар сони деярли 2 баробар ошган. Агар 2017 йилда уларнинг сони 2,7 миллион нафарни ташкил қилган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 5,2 миллион нафарга етди.
2022 йилда Ўзбекистонга сайёҳлар асосан Қозоғистон (1551,1 минг киши, 2017 йилда 1783,8 минг киши), Тожикистон (1447,8 минг киши, 2017 йилдагига нисбатан 5,5 баробар кўп) ва Қирғизистон (1356,9 минг киши, 2017 йилдагига нисбатан 3,6 баробар кўп) дан келган.
Хорижлик сайёҳларнинг асосоий қисми, аниқроғи, 89,1 фоизи Ўзбекистонга ўз қариндошларини йўқлаш мақсадида келган. Уларнинг аксарияти Қозоғистон (31,8), Қирғизистон (29,2) ва Тожикистон (27,9) фуқароларидир.
Дам олиш ва ҳордиқ чиқариш мақсадида Ўзбекистонга энг кўп чет эллик фуқаролар Россия (37,6), Қозоғистон (11,2) ва Туркиядан (6,3) келган.
Маълумот учун: дунёдаги 91 та мамлакат фуқаролари Ўзбекистонга келиш учун визасиз тартибдан фойдаланиши мумкин. Таққослайдиган бўлсак, Қозоғистонга 26 та, Туркияга 41 та, Грузияга эса 56 та мамлакат фуқаролари визасиз кела олади.
2022 йилда Ўзбекистонга келган сайёҳлар сони 2021 йилдагига нисбатан 3,4 миллион кишига кўп бўлди ва ўсиш 2,8 баробардан ҳам ортиқни ташкил этди. Бунинг натижасида туризм хизматлари экспорти сезиларли даражада ошди. 2017 йилда туризм хизматлари экспорти 546,9 миллион АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 2,9 баробар ошиб, 1610,5 миллион долларни ташкил этди.
2017-2022 йилларда хизматлар экспортининг умумий ҳажмида туризм хизматлари экспортининг улуши 1,8 баробар ошди. Агар 2017 йилда бу кўрсаткич 22,1 фоизни ташкил этган бўлса, 2022 йилда 40,7 фоизга етди.
Ўзбекистоннинг жаҳон миқёсида туристик жозибадорлигини ошириш учун туризмнинг этник ва экологик туризм каби янги йўналишларини ривожлантириш, шунингдек, мамлакатимизнинг турли ҳудудларида тематик фестивалларни ташкил қилиш таклиф этилмоқда.