Сайёрамизда пластмасса ихтиро қилингандан сўнг...
Белгияда туғилган америкалик кимёгар Лео Хендрик Бакеланд 1907 йил синтетик пластикни ихтиро қилгандан сўнг инсон ҳаёти тамомила ўзгарди, деб ёзмоқда Human.uz. Чунки пластмассани исталган шаклга солиш мумкин ва унинг бундай хусусияти жуда кўп имкониятларни келтириб чиқаради. Йиллар давомида пластмасса янада ривожланиб инсониятнинг бошқа табиий материаллар металл, ёғоч, тош ва ҳайвон тишларига бўлган эҳтиёжини камайтирди ва чексиз миқдордаги мақсадлар учун ишлатиладиган материалга айланди.

Дарҳақиқат, пластмасса инсоният учун жуда фойдали. Аммо барча фойдали жиҳатлари билан биргаликда инсоният тўлайдиган бадал ҳам мавжуд. Бахтга қарши пластик маҳсулотлар биз хоҳламайдиган жойларда ҳам мавжуд. Чиқинди тўпланадиган жойларда пластик “тоғлар” кўзга ташланади, пластик чиқиндилар туфайли сув йўллари тўсилиб қолмоқда, Океанлар ифлосланмоқда. Соғлиғимизга зарар етказмай ва атроф муҳитни ифлосламай қандай қилиб пластмассадан кўплаб фойдали йўлларда фойдаланишимиз мумкин?
1960 йилларда пластмасса ўзининг кўплаб хусусиятлари туфайли кенг тарқала бошлади. Бизнинг ҳаётимиз бугунги кунда пластик маҳсулотлар билан тўлган; тиббий асбоб-ускуналар, мебел, ўйинчоқлар, автомобиль ва самолёт қисмлари, озиқ-овқат идишлари ва ичимлик идишлари; пластмассага қарамлик ҳамма жойда мавжуд. Эгилувчан бўлишдан ташқари, пластик енгил, аммо чидамли, шиша ва сополга муқобил бўла олади ва уни ишлаб чиқариш анча арзонга тушади. Пластик бизнинг ҳаётимизни осонроқ ва хавфсизроқ қилгани боис ҳам усиз бир кунимизни ҳам тасаввур қила олмаймиз. Мисол учун, мотоцикл ҳайдашда фойдаланиладиган хавфсизлик шлемлари 100 фоиз пластикдан ясалади. Пластик бизнинг ҳаёт тарзимизни ҳам таъминлайди; қўлимиздаги мобил телефон, жўмрагимизга келаётган тоза сув, деворларимизга ўрнатилган телевизор ёки уйларимизнинг структуравий асослари бўлсин, агар пластик бўлмаса, ҳаёт тарзимиз билан боғлиқ сон-саноқсиз имкониятлари мавжуд бўлмайди.

Ҳар бир нарса ўз камчиликларига эга ва пластмасса ҳам истисно эмас. Табиий ресурсларга муқобил сифатида пластмассага бўлган қарамликнинг ўсиши билан биз ҳаётимизда пластмасса тарқалишининг салбий натижасини аста-секин билиб оламиз. Атроф-муҳитга ғамхўрлик қилиш ва чиқиндиларни камайтиришни тобора кўпроқ англаётганимиз сабабли, биз пластик қолдиқларни тўплашни эътиборсиз қолдира олмаймиз. Океанда катта ҳудудларни эгаллаб, сув йўлларини тўсиб, чиқинди йиғиладиган жойларда тўпланиб қолган пластмасса қолдиқларига кўз юма олмаймиз.

Кўпгина пластмассаларнинг кимёвий таркиби уларни табиий деградация (емирилиш) жараёнларига чидамли қилингани сабабли, пластик ифлосланиш етакчи экологик муаммога айланди. Қадоқлаш бўйича мутахассис Рик ЛеБланкнинг сўзларига кўра, одатда пластмасса чиқиндихоналарда чириши учун 1000 йил керак экан. Биз ҳар куни фойдаланадиган пластик сумкалар 10-1000 йилда чириса, пластик бутилкаларга эса 450 йил керак.
Иқлим ўзгариши ва денгиз муҳитини ёритишга ихтисослашган “National Geographic” ёзувчиси Лаура Паркернинг айтишича, ишлаб чиқарилган пластик маҳсулотларнинг 91 фоиз қисми қайта ишланмайди. Сўнгги ўн йил мобайнида миллиардлаб тонна пластмасса ишлаб чиқарилди ва уларнинг аксарияти чиқиндига айланди.

Ҳар 15 йил ичида икки баробарга кўпайиб бораётган пластмасса ишлаб чиқаришнинг жадал суръатларда тезлашиши деярли барча сунъий материалларни ортда қолдирди. Пўлат, нейлон ва шиша каби бошқа сунъий материаллардан фарқли ўлароқ, ҳаётимиздаги пластик маҳсулотларнинг умри ўртача бир йилдан камроқ.
Ортиқча истеъмол, пластмассага қарамлик билан атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатаётганимиздан ташқари, пластмассанинг соғлигимизга ҳам салбий таъсири бор. Мисол учун, ҳужайранинг ўзини-ўзи қайта тиклаши, ҳомиланинг ривожланиши, ўсиш, қувват олиш, кўпайиш ва туғилиш каби тана жараёнларига таъсир қиладиган бисфенол-А сингари токсик кимёвий моддалар билан пластик идишлар ишлаб чиқарилади.
Пластик идишлар ишлаб чиқарилаётганда уларнинг эгилувчанлигини ошириш учун бисфенол–А қўшилади. Бисфенол-А маҳсулот ичида ёпиб ташланади, лекин одатда идиш ичидаги озиқ-овқат ёки ичимликларга тушиб қолиш хавфи юқори.
Ушбу маълумотни ҳисобга олган ҳолда, бисфенол-А ишлатиш тақиқланган ёки чекланган, аммо унинг ўрнига ишлатиладиган бисфенол-С ёки бисфенол-Ф тузилиши ва токсик таъсири бўйича бисфенол-Ага ўхшаш.

Атроф муҳитни ҳимоя қилиш ва ўз соғлиғимизни асраш учун ҳар биримиз пластик маҳсулотлар борасида билим ва тушунчага эга бўлишимиз лозим. Қайта ишлатиш ва қайта ишлаб чиқариш мумкин бўлган пластик маҳсулотлардан фойдаланишимиз ва уларнинг чиқинди тўпланадиган жойларда йиғилиб қолишига йўл қўймаслигимиз керак.