Сайёрани муҳофаза қилиш учун ҳамма қила олиши мумкин бўлган 6 қадам
Ҳар йили 22 апрель дунёда Халқаро ерни муҳофаза қилиш куни сифатида нишонланади. Ушбу сана бутун инсониятга сайёра экотизимининг нозиклигини эслатиш ва атроф муҳитдан янада эҳтиёткорона фойдаланишга чақириш мақсадида яратилган.
АДМЕ сайти ҳар бир киши оз бўлса-да, ўз атрофидаги муҳитга ёрдам бера олади деб ҳисоблайди ва биз бугунданоқ бошлашимиз мумкин бўлган бир неча оддий маслаҳатларни беради.
Иссиқ кунларда кондиционерни камроқ ёқишга ҳаракат қилинг
Кондиционерларда ҳавони салқин сақлаш учун масъул бўлган гидрофтор углеродлар кичик миқдордаги иссиқхона газларининг бир қисми ҳисобланади, улар атмосферада иссиқликни CО2 (углекислота)га қараганда минг марта кўпроқ сақлайди.
Таркибида пальма ёғи бўлмаган маҳсулотларни танланг
Пальма ёғи шоколад, музқаймоқ, нон, печенье ва шампунлар таркибида мавжуд. Бундай мой ишлаб чиқариш жараёнида тропик ўрмонлар азият чекади ва кўп ҳолларда улар бутунлай йўқ бўлиб кетиш арафасида. Шунинг учун пальма ёғи бўлмаган маҳсулотларни сотиб олиш жуда муҳим.
Минтақангизга хос бўлган ўсимликларни ўстиринг
Табиат томонидан кўзда тутилмаган жойларда кенг тарқалган турлар кирадиган инвазив ўсимлик турлари деган тушунча бор. Кўпинча одамлар, масалан, ўз боғига экзотик гуллар, буталар ва дарахтлар қўшишни хоҳлаганда, уларни "олиб келади". Гўзаллигига қарамай, бундай ўсимликлар маҳаллий флорага салбий таъсир кўрсатиши мумкин, чунки улар заиф турларни сиқиб чиқаради.
Бу ўсимликлар бутун озиқ-овқат занжирига ҳам таъсир қилади. Баъзи ҳашаротлар овқатланиш учун зарур бўлган “таниш” ўсимликларини топа олмайди, бу эса бутун турнинг йўқ бўлиб кетишига олиб келади. Озиқ-овқат занжирида ҳашаротлар қушлар билан бевосита боғлиқ ва ҳоказо. Шу сабабли ўсимликлар ва ҳайвонларнинг ҳаёт-мамот масаласининг олдини олиш учун ҳудудингизга хос бўлган ўсимлик турларига устунлик бериш маъқулроқ.
Гелий билан тўлдирилган шарлардан воз кечинг
Кўпинча бирор нарсани безаш учун байрамларда гелий билан тўлдирилган шарлар ишлатилади. Шарлар баъзида ўз-ўзидан учиб кетади, баъзида эса улар атайлаб осмонга учирилади. Чиройлими? Албатта! Бироқ бу табиат учун жуда зарарли. Парвоз тугаб, шарлар ерга, сув ҳавзаларига тушади. Қушлар улар боғланган ленталарга ўралиб қолиши ва ўлиши мумкин, бошқа ҳайвонлар эса безакни овқат деб ўйлайди.
Хавфли гелий балонлар ўрнига безак сифатида помпонлар ёки гулчамбарларни ишлатиш мумкин.
Ўзаро иқтисод тамойиллар асосида яшанг
Ўзаро иқтисод истеъмоли товарлар ёки хизматлардан биргаликда фойдаланишни ўз ичига олади. Кўпчилик аллақачон бундай тизимдан фойдаланишни йўлга қўйган. Мисол учун, сизга туз керак бўлганда сўраб олишингиздек, дрель ёки бошқа асбобларни қўшнингиздан сўрашингиз мумкин. Шу орқали ўзингизни атроф муҳитга салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган кераксиз харажатлардан қутқарасиз.
Ташқарида бир қошиқ шакар қолдиринг
Асаларилар сайёрамиздаги ўсимликларнинг асосий чанглатувчисидир: улар фақат Антарктидада топилмайди. Асалариларнинг бир тўдаси кунига 300 миллион гулни чанглатиши мумкин. Бироқ, кимёвий ўғитлар уларнинг ҳаётига салбий таъсир кўрсатади. Масалан, Европада асалари турларининг 2,4 фоизи йўқолиб кетиш хавфи остида. Инсон уларга ёрдам бериши мумкин. Бунинг учун:
- боғингизга ёки ҳатто очиқ балконга гуллар экинг. Эрта гуллайдиган ўсимликлар жуда асқотади.
- майсазор (газон) камроқ қирқтирилса, асаларилар ва бошқа чанглатувчи ҳашаротлар учун зарур муҳитни яратишга ёрдам беради, баъзида улар баланд ўтларда уя қуриши мумкин;
- ташқарида бир қошиқда шакар қолдиринг. Чунки эрта баҳорги нектар етишмаслиги даврида очлик туфайли асалариларнинг бутун колониялари нобуд бўлади.
Сиз қайси маслаҳатни ҳаётда қўллашга тайёрсиз?
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.