Сазағондаги “рози” мушук муаммоси ҳал этилди

Жорий йилнинг 30 сентябрь куни Zarnews.uz сайтида “Сазағондаги шифохонадан мушуклар “рози”. “Меҳробод” ҚВП ходимлари иш вақтида “қазихона”га кетганмиди?” номли мақола эълон қилинди.
Шу куннинг ўзида Нуробод тумани ҳокимлиги, туман тиббиёт бирлашмаси томонидан тузилган ишчи гуруҳ Нуробод тумани тиббиёт бирлашмасининг Сазағон ҳудудий бўлими фаолиятини ўрганиб чиқди.
Сазағон ҳудудий бўлими биноси бундан икки йил аввал реконструкция қилиниб, замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланган. Бу ерда амбулатория, 10 ўринли туғруқ бўлими, ҳар бири 5 ўринга мўлжалланган терапия ва болалар бўлимлари фаолият кўрсатмоқда.
Сазағон, Сарой ва Тепақул маҳаллаларининг 10 минг нафардан зиёд аҳолисига хизмат кўрсатадиган бу тиббиёт муассасасида 6 нафар шифокор, 28 нафар ўрта тиббиёт ходимлари ишлаб келмоқда.
Ўрганиш натижасида туман тиббиёт бирлашмасининг ҳудудий бўлимида ичимлик суви муаммоси мавжудлиги аниқланди. Ҳудудий бўлим ҳовлисида сув иншооти бўлса-да, бугунги кунда носоз ҳолатда. Ушбу муаммони туман тиббиёт бирлашмасининг ички имкониятидан келиб чиқиб, зудлик билан тузатиш ишлари амалга оширилиши белгилаб олинди.
Ҳудудий бўлим ошхонасида мушук ва ҳашаротлар юришининг олди олиниб, ошхона тўлалигича санитария талабларига жавоб берадиган ҳолатга келтирилди.
Нуробод тумани тиббиёт бирлашмасининг Сазағон ҳудудий бўлими мудири А.Умаровга ўз вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашганлиги учун ҳайфсан интизомий жазоси қўлланилди.
Эркин ПАРДАЕВ,
Нуробод тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари.