«Сеними, шошмай тур!» мультсериали муаллифи вафот этди
Совет ёзувчиси, катта ва кичик учун бирдек севимли «Сеними, шошмай тур!» анимацион сериалининг яратувчиларидан бири Александр Курляндский 82 ёшида вафот этди. Бу ҳақда унинг қариндошлари 21 декабрь куни "Эхо Москвы" радиостанциясига хабар беришди.
Ёзувчининг ўлими сабаблари кўрсатилмаган.
Курляндский "Сеними, шошмай тур!" кўп серияли мультипликацион фильм сценарийси муаллифларидан бири эди. Шунингдек, у "Баба Ягага қарши", "Ов мавсуми", "Адашган тўтиқушнинг қайтиши", "Қойилмақом Гоша" каби мультфильмлар сценарийлари устида ишлаган. Унинг завқли, кулгили ҳикоялари "Ералаш" дастурида ҳам суратга олинган. Муаллифнинг болалар учун кўплаб китоблари чоп этилган.
1988 йилда Курляндский СССР давлат мукофотига, 2007 йилда Россияда хизмат кўрсатган артист унвонига сазовор бўлган.
Г.Холдорова тайёрлади.