Сеулда Самарқанднинг туризм салоҳиятини тарғиб этувчи туризм бурчаклари ташкил этилди

Аввал хабар берганимиздек, Самарқанд вилояти делегациясининг Жанубий Кореяга ташрифи давом этмоқда.

Вилоят туризм ва маданий мерос бошқармаси ахборот хизматининг маълум қилишича, Сеул шаҳрида ўтказилаётган "Seoul International Travel Fair-2023" туризм кўргазмасида Самарқанднинг туризм салоҳиятини кенг тарғиб қилиш орқали вилоятга сайёҳлар оқимини ошириш мақсадида «Star Samarkand» бренди остида фаолият олиб борувчи ресторанлар тармоғи билан келишув меморандуми имзоланди.

Унга мувофиқ, вилоят туризм ва маданий мерос бошқармаси ахборот хизмати томонидан тарғибот материаллари ҳамкор ресторанлар тармоғига етказиб берилиши, «Star Samarkand» ресторани томонидан эса махсус бурчак ташкил этиш, мижозлар овқатланадиган столларга жоялштирилган электрон таомномаларда ҳамда ЛEД экранларда Самарқанд туризми ҳақидаги видео материалларни ташриф буюрувчиларга тақдим этиш орқали тарғибот компаниясни ташкил этишга келишиб олинган.

Шу куннинг ўзида Сеул шаҳрида жойлашган «Star Samarkand» ресторанида туризм тарғиботи бурчаги ташкил этилиб, барча заруруий материллар ҳамкор томонга етказилган.

Келгусида ресторанлар тармоғи раҳбариятига қўшимча тарғибот материаллари ҳамда миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари ва либосларини тақдим этиш орқали селфи зона ташкил этиш бўйича келишиб олинди.

Шунингдек, Самарқанд шаҳрида фаолият олиб бораётган “Gastro Expert” академияси Жанубий Кореядаги «Star Samarkand» ресторанлар тармоғи учун ошпазлик, қассобчилик, официантлик, кондитерлик ва баристалик йўналишларида малакали кадрларни тайёрлаш бўйича ўзаро келишув меморандуми имзоланди. Бу эса ўз навбатида Самарқанднинг гастрономик туризм салоҳиятини Кореяда тарғиб этишга хизмат қилади.

«Star Samarkand» ресторанлар тармоғи Жанубий Кореяда 2003 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда мазкур корхонанинг Жанубий Корея бўйлаб 11 та тармоғи фаолият олиб бормоқда. Ўртача ҳисобда мазкур ресторанларга бир кунда 5 минг нафардан ортиқ мижоз ташриф буюради. Мижозларнинг 85 фоизини Корея фуқаролари, қолган 15 фоизини эса Марказий Осиё мамлакатлари фуқаролари ташкил этади.