Шафқатсиз ҳайвонлар
Инсон ер юзидаги энг шафқатсиз мавжудот ва ҳатто ҳайвонларга ҳам хос бўлмаган ҳаракатларни қилади, деган фикр бўрттириб айтилган. Табиатда инсоният оламида бўлганидек, турли хил ҳодисалар мисоллари мавжуд. Қарама-қарши фактларга дуч келган Tochka.by журналисти одатда “кичик биродарлар” деб аталадиган жонзотлар қилғилиқлари мисолларини тўплади.
Қарғалар ва адоват
Қарғалар ҳатто одамларнинг юз хусусиятларигача бўлган энг майда деталларни эслаб қолиш қобилиятига эга. Агар уларга кимдир ёқмай қолган бўлса, бу қушлар ҳеч қачон уни унутмайди.
Олимлар тажриба пайтида кузатувчилардан бири лабораторияга кирганида қарғалар жуда шовқинли бўлиб қолганини пайқашди. Шунда қушлар уларни тутганларга нисбатан нафрат ва ғазаб қилиши аниқланди. Бундан ташқари, улар маълумотни ўз авлодларига генетик тарзда етказишга қодирлигини пайқашди: негаки, кейинчалик жўжалар ҳам айнан шу олимларга нисбатан худди шундай муносабатда бўлишди.
Чумолиларнинг ўз қўллари бор
Чумолиларнинг баъзи турлари ўсимлик битларини ўзига бўйсундириб, улар ажратиб чиқарадиган ширинликни истеъмол қилади ва бунинг эвазига уларни йиртқичлардан ҳимоя қилади. Муносабатлар уйғун кўринса-да, аслида битлар қулликда сақланади. Мабодо улар қочиб кетишга урингудек бўлса, қул тизимини сақлаб қолиш мақсадида чумолилар махсус феромонлардан фойдаланиб, уларни гангитиб қўйишади. Шу тарзда бир ҳашарот бошқасини ўзи учун ишлашга мажбур қилади.
Акулалар омон қолиш учун она қорнида биродарини ейди
Ўзининг йиртқич табиатини акула туғилишидан олдин ҳам намоён қилади. Ташқи томондан жуда хотиржам кўринадиган ҳомиладор йиртқичнинг қорнидаги бир неча ўнлаб уруғланган тухумлар ривожланиб, она қорнида ўла-ўлгунча ҳаёт учун курашади. Илмий жиҳатдан бу ҳодиса эмбрион каннибализми деб аталади ва у деярли барча замонавий акулаларга хосдир.
Аёл макридан...
Олимлар томонидан “макрли аёллар” лақабини олган Photuris ялтироқ қўнғиз урғочилари бошқа турларга тақлид қилиб, эркаклар эътиборини жалб қилади. Натижада, қўшни “қабила”нинг алданган қўнғизи унинг егулилигига айланади. Photuris урғочилари ҳатто бошқа қўнғизлар тўрларига тушган эркак тиллақўнғизларни ўғирлашга қодир. Бу ҳодиса клептопаразитизм деб аталди.
Бундай ов, бир томондан, рақобатчилар популяциясини камайтиришга, бошқа томондан эса кейинчалик қўйилган тухумлар учун ҳимоя вазифасини бажарадиган токсинларни олишга имкон беради.
Каккулар болаларини рад этади
Какку қушлар яхши оналар эмас, улар кўпинча тухумларини бошқа қушлар уяларига ташлаб қўяди. Бундай вазиятда уни ҳурматга сазовор қиладиган ягона нарса шундаки, улар “фарзанд асраб олувчилар”ни танлашда масъулият билан ёндашади. Бўлажак собиқ она уларни кузатиб боради ва янги оиланинг қўпайиши вақтига мослашади, ўз тухумининг ривожланиш тезлигини (вақти-вақти билан уни совуқ сувга қўйиш орқали) назорат қилиб боради.
Ўсмирларни оталиққа олиш
Сўнгги ўн йилликларда Африка номаълум сабабларга кўра ёш филларнинг каркидонларни ўлдириши муаммосига дуч келди. Маҳаллий назоратчилар “катта биродар” дастурини бошлаб юбориб, унда “тарбияси оғир ўсмир”ни назорат қилиши учун улар ёнига катта филларни васий қилиб қўйишди. Бу қанчалик ғалати туюлмасин, ғоя иш берди ва йўқ қилинган каркидонлар сони сезиларли даражада камайди.
Ўйноқи мушуклар
Уй ҳайвонларининг ҳам ёввойи одатлари бор. Мушук ва сичқон ўйини ҳақиқий ҳодисага асосланган бўлиб, кемирувчи еб қўйилишидан олдин узоқ вақт қийноққа солинади. Кўплаб олимлар буни оддий ўйин-кулги билан боғлайди, бошқа мутахассислар мушуклар шу тарзда ўзининг овчилик маҳоратини ошириб боришига амин. Бунинг ажабланарли жойи йўқ: илмий систематика нуқтаи назаридан, ҳатто уй мушуги ҳам йиртқич ҳайвон сифатида таснифланади.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.