Инсоният йилдан-йилга ёшармоқдами?
Оилавий фотоальбомингизга кўзингиз тушганида, ўша пайтдаги суратларга қараб, нега ота-оналар бунчалик катта ва жиддий кўринган экан, деган савол туғилиши табиий. Ушбу саволнинг бир қанча мантиқий тушунтиришлари бор: инсоният ҳақиқатан ҳам йилдан-йилга ёшармоқда.
Олимлар авлодлар ташқи кўринишидаги бу тафовут билан қизиқиб, нега бугунги одамлар ўша ёшдаги ота-оналаридан анча ёшроқ кўринишини аниқлашга қарор қилди.
Биологик қариш секинлашган
Қариш тушунчаси нафақат ўзгарди: агар 150-200 йил олдин 50 ёшли одам кекса деб ҳисобланган бўлса, бугунги кунда бундай ёш “ўрта кеч ёши” деб аталади. Ҳар бир инсоннинг ўз биологик соати мавжуд бўлиб, ташқи кўриниши камдан-кам ҳолларда ҳақиқий ёшига тўғри келади. Америкалик тадқиқотчилар сўнгги пайтларда биологик қариш тобора секинроқ содир бўлмоқда, шу сабабли кейинги авлод вакиллари ёшликни узоқроқ сақлайди, деган хулосага келишди.
Одамлар камроқ тамаки чекяпти
2010 йилда 24 ёшгача бўлган ҳар тўрт кишидан бири тамаки чекишга қарам бўлган. 2017 йилги маълумотлар эса 24 ёшгача ҳатто чекишни ҳам синаб кўрмаганлар сони 70 фоизга ошганлиги аниқлади.
Бу нафақат аксарият мамлакатлардаги жамоат жойларида чекишни тақиқлаш ва тамаки нархи ҳар куни ўсиб бораётганлиги билан боғлиқ, аста-секин соғлом турмуш тарзини танлаб, ўз саломатлигига ғамхўрлик қилаётган ёшлар сони ортиб бораётганининг далолатидир. Чекиш гўзаллик учун энг зарарли одатлардан бири бўлганлиги сабабли, инсон учун тери ёшлигини йўқотишдан кўра бу одатдан воз кечиш осонроқдир.
Замонавий ҳаёт кам энергия сарфлашни талаб қилади
Илгарилари чангютгичлар камдан-кам бўлган ва кирлар қўлда ювилган ёки металл тахта ишлатилган. Авваллари аёлларнинг ишлаш, фарзанд тарбияси, эрига ғамхўрлик қилиш каби ташвишлари ҳам кам эмас эди. Ушбу кундалик муаммоларни ҳал қилиш учун қанча вақт ва куч сарфланарди.
Бугунги кунда уй юмушларини бажариш анча осонлашди: кирларни машинада ювиш мумкин, кечки овқатдан кейин ликопчалар ва идишларни ювиш машинаси ювади, робот чангютгич уйларни тозалаб қўяди. Аёлларда дам олиш ва ўз-ўзини парвариш қилиш учун кўпроқ вақт бор, яъни замонавий ритмда ҳам одамлар ўзлари учун бир лаҳза ажрата олади.
Стоматология даражаси ошди
Юз шакли ва тишларимизнинг ҳолати ўртасида тўғридан-тўғри боғлиқлик мавжуд: ёноқлар ва лаблар тишлар ва жағга таянади, шунинг учун тишларнинг шикастланганлиги ёки уларнинг йўқлиги том маънода юз тузилишини бузади. Стоматологиянинг бугунги даражаси ота-оналаримиз чидашга мажбур бўлган ҳар қандай камчиликларни тузатишга имкон беради. Бундан ташқари, энди тиш шифокори ишининг натижалари анча узоқ сақланади: дорилар янада сифатли бўлиб, мутахассислар билими ошган.
Ижобий кайфият учун кўпроқ имкониятлар бор
Ижобий ҳис-туйғулар кулги каби умрни узайтиради ва ҳатто касалликларни енгишга ёрдам беради. Бундан ташқари, ҳаётга ижобий қарайдиган одамлар ҳар қандай касаллик каби бизни қаритиб, қўшимча ажинлар қўшадиган стрессга камроқ мойил бўлади.
Замонавий ёшлар дунё бўйлаб саёҳат қилиш, ўзлари ёқтирган нарса билан шуғулланиш, ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш, дунёнинг турли бурчакларидаги одамлар билан мулоқот қилиш ва дўстлашиш имконияти каби жуда кўп қувонч манбаларига эга. Янги авлод дунёни ўрганишга ва завқланишга интилади, демак улар аниқлик ва равшанликни узоқроқ сақлаб қолишади. Бу эса ўз навбатида, ташқи кўринишда намоён бўлади.
Ёшлар оғир жисмоний меҳнатни талаб қилмайдиган касбларни танламоқда
Ёшлар шароитлари танага зарар етказиши мумкин бўлган ишларга қўшилишни хоҳламайдилар. Шу сабабли улар юқори маошга эга IT, маркетинг ёки молия соҳаси мутахасслик касбларини ўрганишмоқда.
Бундай касблар доимий ривожланишни талаб қилади, бу эса, ўз навбатида, мия саломатлиги ва фаолиятини сақлашга ёрдам беради. Офис иши оғир жисмоний меҳнат ва зарарли ишлаб чиқариш шароитларини истисно қилганлиги боис, бундай фаолият танага камроқ зарар етказади, дейди мутахассислар.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.