Америкада яшайдиган ўзбекистонлик миллионер
Тошкентлик болакай ҳаётини олмослар билан тўлдириб, соат ва заргарлик бизнесида катта ўзгаришлар қила олди.
Келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган Яков Арабов ўзининг жозибали ва ҳашаматли буюмлари орқали Америка заргарлик брендлари янги тўлқинидаги заргарларнинг биринчиси бўлишга муваффақ бўлди. У Голливуд юлдузларини ўзининг доимий мижозларига айлантириб, уларнинг қўллаб-қувватлашига эриша олди.
Якоб Арабов 1979 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, 14 ёшида Арабовлар оиласи АҚШга кўчиб кетади. Якоб Нью-Йоркдаги мактабга борди, лекин 16 ёшида мактабни ташлаб, заргарлик буюмлари дизайнерлиги курсига ўқишга киради. Унинг биринчи ясаган иши – мисдан ясалган қути энг яхши дизайн танловида совринни қўлга киритди.
Курсни рекорд вақт ичида тугатган йигит тезда универсал дўконлар учун оммавий заргарлик буюмлари ишлаб чиқарадиган маҳаллий яҳудийлар заргарлик фабрикасига ишга жойлашади.
Ўшанда у ҳафтасига 125 доллар маош олиш учун 18 ёшда эканлигини айтиб, ёлғон гапирган. Тўққиз ойдан кейин Якоб ҳафтасига 1500 доллар ишлаб оларди, лекин ўз бизнесини бошлаш учун бу ердан кетди.
8000 доллар эвазига у Манхеттенда кичик заргарлик фабрикасини сотиб олди (вояга етмаган йигит ўрнига ҳужжатлар қариндоши томонидан имзоланган). Йигит яна уч йил бошқа компаниялар фойдасига ишлади, уларнинг буюртмасига биноан заргарлик буюмлари дизайнини ишлаб чиқиб, уларни ясаб берди. 1986 йилда у “Diamond Quasar” ва “Jacob & Co” брендини рўйхатдан ўтказди ва ўз дўконини очди. Якоб Арабов айнан ўша пайт исм-шарифини ўзгартириб, Жейкоб Арабога айланади.
Кунларнинг бирида Жейкобнинг дўконига қўшиқчи Фейт Эванс кириб келиб, унинг ҳаётидаги “олтин балиқча”сига айланди.
1993 йилда у биринчи марта “Jacob & Co” бутикига кирди. 5 миллион долларлик бриллиант узук уни шунчалик ҳайратда қолдирдики, Эванс дарҳол уни сотиб олишга қарор қилди.
- Мен аллақачон ўз нарсаларимни спортчиларга сотардим, мижозларим орасида бир неча НБА юлдузлари бор эди, лекин мусиқачилар билан унчалик алоқа қилмагандим, - эслайди Арабо. - Фейт Эванс иккинчи марта репер Бигги Смолл билан бирга келди, у эса ортидан бутун отрядни бошлаб келди.
Мусиқачилар шундай одам: агар уларга ёқиб қолсангиз, дарҳол сиз ҳақингизда барча дўстларига гапира бошлайди, сиз ҳақингизда қўшиқлар куйлай бошлайди... Ҳозирги кунда мен 50 та қўшиқнинг қаҳрамонига айланганман”, - кулади Жейкоб.
Бир неча йил олдин заргар Арабо соатлар бозори қанчалик тез ўсиб бораётганини пайқади. Мамлакатда тез орада бренд остидаги заргарлик буюмлари каби ёрқин ва провокацион соатлар пайдо бўлди.
- Мижозларим мендан ўзгача нарса ясашни сўрашарди, мен ҳар қандай заргарлик буюмларини ясашга қодир эдим, лекин агар шундай қилганимда, дунё бу ажойиб соатларни кўрмай қоларди.
Шунда мен ҳеч нарсага ўхшамайдиган соатларни ясашга қарор қилдим, соатлар ғоя ва дизайнини ўйлаб топдим: улар нафақат вақтни билиш учун, балки ажойиб безалган ҳам бўлиши керак эди. Эндиликда механизмларни ҳам ўзимиз ишлаб чиқаряпмиз – Швейцарияда соат ишлаб чиқарувчи завод сотиб олдик.
“Заргар Жейкоб" атайлаб меъёридан ошиқ ва ортиқча ҳашамат услубида ишлайди. Қўлда соат борми, демак у кўзга ташланиб туриши керак, - ҳисоблайди у ва аниқликни оширадиган вертикал турбийонли, 31 кунлик қувват захирасига эга, қалинлиги 21,5 миллиметр, оғирлиги эса 380 грамм бўлган “Quenttin” соатини тақдим этди. - Модомики, соат олмос билан безалиши керак экан, унинг бутун корпуси улар билан қопланган бўлиши лозим.
Кўпгина ном чиқарган заргарлар “Jacob & Co” асосчисини жуда тез мартабага эришган маҳмадона деб аташади, чунки ушбу бренд атиги ўн беш йил ичида мижозлар томонидан кучли эътирофга сазовор бўлди ва заргарлик буюмлари элитасининг чўққисига чиқди.
Ҳозир ҳам одамлар “Jacob & Co” ҳақида гапиришади, айниқса бренд асосчисининг умумэътироф этилган қонунларга амал қилмоқчи эмаслиги ҳақида ғийбат қилишади. У эса ўзига хос мутлақо ҳайратланарли, кўзни қамаштирувчи, гўзал, қувноқ, Голливуд услубидаги ёрқин, жонли, ажойиб безаклар яратиб, ижод қилади.
Жейкоб Арабо ва бошқа дизайнерлар ўртасидага яна бир фарқ шундаки, у ярим қимматбаҳо тошларни мутлақо тан олмайди, унинг фикрича, тош тирик, ярқироқ бўлиши ва эгаси билан мулоқот қилиши керак.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.