Бир ҳайкалнинг икки юзи ёки Мефистофель ва Маргаританинг қўш ҳайкали

XIX-асрда номаълум француз ҳайкалтароши томонидан қадимий Сикомор (Ўрта ер денгизи ҳавзасида ўсадиган энг қадимги мевали ўсимликлардан бири) дарахтининг бир бўлагидан яратилган Мефистофель ва Маргаританинг икки юзли қўш ҳайкали дунёдаги энг машҳур ёдгорликларидан биридир. Ушбу санъат асари Ҳиндистоннинг Ҳайдаробод шаҳридаги Салар Жанг музейида сақланади.
Баландлиги 177,2 сантиметр бўлган композиция бутун дунёда “Мефистофель ва Маргаританинг қўш ҳайкали” сифатида танилган. Унинг ўзига хослиги шундаки, муаллиф Гётенинг машҳур “Фауст” драмасидаги икки қаҳрамонни мужассам этиб, бир томонда эркак, иккинчисида эса аёл образини ўйиб чиққан.
Томошабин бир вақтнинг ўзида бира тўла иккита тасвирни кўра олиши учун ҳайкал орқасида ўрнатилган махсус улкан ойна номаълум устанинг бенуқсон маҳоратини баҳолаш ва ижодининг композицион мақсадини тушуниш имконини беради. Бундай санъат асари мураккаблик даражаси бўйича сўнгги икки аср давомида деярли тенгсиз бўлиб келмоқда.

Мефистофель қаршисида турган томошабин мағрур, кеккайган, такаббур, юзида беписанд табассум қотган баджаҳл эркак қиёфасини кўради. Аммо чапга ёки ўнгга қадам қўйганда, томоша бурчаги ўзгаради ва кўзгу аксида бир қўлида ибодат китобини тутган, итоаткорлик билан бош эгиб турган нозик ва нафис Маргаритани кўради.
Айнан шу номутаносиблик томошабинни ҳайратга солади.

Юқорида таъкидланганидек, ушбу композиция немис ёзувчиси ва мутафаккири Иоганн Вольфганг Гётенинг деярли 60 йиллик умрини бағишлаган (ғояни тарбиялаган, сюжетни ўзгартирган, қайта ёзган ва қайта нашр этган) “Фауст” фалсафий драмасига тўла мос тушган.
***
Ўзларининг бетакрор асарлари билан уста ҳайкалтарошлар атрофдаги дунёга ўз муносабатларини шундай ифодалаб, одамларни ҳайратда қолдиради, илҳомлантиради. Айрим экспонатлар бизга қадимдан етиб келиб, ўзига хослигини йўқотмаган бўлса, замондошларимиз томонидан яратилган бошқа санъат асарлари ҳам мафтун қилишда, завқлантиришда давом этмоқда. Улар ҳақида бошқа мақолаларда тўхталиб ўтамиз.