Шавкат Мирзиёев: "Конституцияни такомиллаштириш бўйича янги ва жуда масъулиятли босқичга қадам қўймоқдамиз"

Шавкат Мирзиёевнинг Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашуви бошланди.

Давлат раҳбари йиғилишда нутқ сўзламоқда ҳамда Конституцияга ўз таклифларини билдирмоқда.

“Барча фуқароларимиз каби мен ҳам бу муҳим жараёнларни диққат билан кузатиб боряпман. Аҳолимиз, жамоатчилигимиз вакилларининг конституциявий ислоҳотларга бефарқ бўлмасдан, ўз таклиф ва мулоҳазалари билан фаол қатнашаётгани барчамизни қувонтиради.

Албатта, конституциявий ислоҳотларимиз Ватанимиз тақдири ва келажаги учун ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлган масаладир.

Шу боис, бугун сиз, ҳурматли комиссия аъзолари билан бевосита учрашиб, фикр алмашишни зарур, деб ҳисобладим.

Биз Конституцияни такомиллаштириш бўйича янги ва жуда масъулиятли босқичга қадам қўймоқдамиз.

Бугунги кун ҳолатига кўра, Комиссияга фуқароларимиздан 48 минг 492 та таклиф келиб тушгани ҳам конституциявий ислоҳотлар объектив ҳаётий зарурат сифатида кун тартибига чиқаётганини яққол намоён этмоқда.

Конституциявий комиссия томонидан тайёрланган таклифлар чуқур муҳокамадан ўтказилди ва ҳозирда Қонунчилик палатасига киритиш босқичида. Энди қонун, регламент асосида муҳокамалардан ўтказилади", - деди Президент.