Шавкат Мирзиёев: Ўзим ҳам қишлоқдан келиб, 15 йил ижарада яшаганман
Тошкентдаги Талабалар шаҳарчаси ҳудудида 6 та 9 қаватли турар жой бунёд этилди. 216 та хонадон жиҳозланган ҳолда фойдаланишга топширилди.
Давлатимиз раҳбари бугун мазкур уйларда яратилган шароитларни кўздан кечирди, хонадон эгалари билан суҳбатлашди.
- Сизларни, сизлар орқали бу ерда яшайдиган барча оилаларни табриклайман, мана шу шинам, замонавий уйлар муборак бўлсин!
Ўзим ҳам қишлоқдан келиб, 15 йил ижарада яшаган одам сифатида бу нарсанинг қадрини жуда яхши ҳис қиламан. Биз олим ва педагоглардан натижа кутардигу, шароитини сўрамасдик. Сизларни ҳам рози қиладиган вақт-соат келди.
Илмли одамлар – мамлакатимизнинг олтин фонди. Уларнинг қўлида келажагимиз бўлган болаларимиз тарбияланади. Ўқитувчилар уйли бўлиб, оиласидан кўнгли тўқ бўлса, касбига меҳр билан, Ватанга садоқат билан ишлайди. Бу уйлар сизларга буюрсин, шу ерда тўйлар қилинглар, дея эзгу ниятлар билдирди Президент.