Шавкат Мирзиёев: "Вирусдан ҳимояланиш ва уни енгишнинг энг муҳим шарти, бу албатта вакцинация"

Айни пайтда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Тадбирни очар экан, давлатимиз раҳбари пандемияни енгиб ўтиш доирасида олиб борилаётган ишларга алоҳида тўхталди.

“Пандемия даврида дунё бўйлаб коронавирус аниқланган 200 миллион нафар беморнинг 4,2 миллион нафари вафот этди. Мамлакатимизда ҳам июнь ойининг иккинчи ярми ва июль ойидан касалланиш кўрсаткичлари кескин ўсиб, кунлик янги касалланиш ҳолатлари ўртача 750-800 тани, пневмония эса 450-500 тани ташкил этмоқда.

Бугунги кунда 10 мингга яқин бемор шифохонада, 3 минг нафари уй шароитида даволанаётган бўлса, 2,4 минг нафари оғир, 890 нафари ўта оғир аҳволда.

Шундай бўлса-да, касалликни даволаш ва уни олдини олиш бўйича етарли тажриба орттирдик. Соғлиқни сақлаш тизими шай ҳолатга келтирилиб, барча зарур воситалар, етарли дори-дармон ва тиббиёт жиҳозлари билан таъминланди. Ижтимоий соҳа объектлари ва иқтисодиёт тармоқлари кескин карантин чекловларисиз фаолиятини давом эттирмоқда.

Пандемиядан имкон қадар йўқотишларсиз ўтишимиз ва кейинги тўлқинларга йўл қўймаслик учун халқимиздан 3 та муҳим шартга қатъий амал қилиш талаб этилади.

Биринчидан, вирусдан ҳимояланиш ва уни енгишнинг энг муҳим шарти – бу албатта вакцинация. Қанчалик машаққатли бўлмасин, ушбу мақсадлар учун бугунги кунга қадар 4 турдаги 13 миллион доза вакцина олиб келдик. Қайси турдаги вакцина билан эмланиш бўйича аҳолида танлаш имконияти
пайдо бўлди.

Шу боис эмлаш тадбирларини кенг жорий этиш мақсадида куни кеча махсус қонунни имзоладим. Ушбу қонун орқали иш берувчиларга соғлиғига кўра қарши кўрсатма бўлмаган, лекин профилактик эмлашни рад этган ходимларини иш жойига киритмаслик ҳуқуқи берилди”, деди давлатимиз раҳбари.