Шахсий ибрат – тарбиянинг асоси

Аслида бу гапим янгилик эмас. Негаки, аждодларимиздан қолган деярли барча китобларда, асарларда тарбия ҳақида кўп ёзилган. Хулоса ҳам аниқ – ота-она ва катталарнинг ибрати ёшлар тарбиясида бирламчи мезон.
Мураккаблиги шундаки, ўқиш жараёнида, аниқроғи, ўрта мактабда таълим-тарбия уйғун ҳолда олиб борилади. Ва асосий урғу кўпинча таълимга, боланинг фанларнинг ўзлаштиришига берилади. Бироқ таълим жараёни муваффақияти ҳам ўқитувчининг хислатига ҳамда ўқувчининг одобига келиб тақалади. Шу сабабли бу жараённи такомиллаштириш мақсадида мактабларда амалиётчи-психолог штатлари жорий этилган.
Тажрибамдан сезяпманки, бу соҳадаги ҳаракатлар мактаблар учун жуда зарур эди ва яхши самара беряпти ҳам. Биз, ўқитувчилар дарсга руҳий кайфиятни тўғрилаш, яхшилаш мақсадида нафақат ўғил-қизлар, балки муаллимлар ўртасида ҳам суҳбатлар ўтказамиз, жуда кўп нозик ҳолатлар юзасидан ягона фикрга келамиз.
Сарлавҳада айтганимдек, шахсий ибрат тарбияда муҳим аҳамиятга эга. Мисол учун, болага унинг ноўрин ҳаракатини айтишдан олдин шу ҳолатда қандай йўл тутиш кераклигини айтиб ўтамиз. Тўғри йўл тутганда ёки хато иш қилганда келиб чиқадиган оқибатлар ҳақида гапирамиз. Ана ундан кейин боланинг фикрини ҳам эшитамиз. Зеро, бу усул болада ҳам муомала маданиятини шакллантиради.
Мактаб ҳовлисида, коридор ва синфхоналарида юриш тартибини ўқувчилар ўз муаллимларидан ўрганишади. Яъни, уларга ундай юр, бундай юр деб ўргатиш шарт эмас. Айтайлик, мактаб ҳовлисидаги майсазор ёки гул экилган жойдан сакраб ўтсангиз, бола ҳам шундай қилади. Қоғозни ҳовлига ташласангиз, ўқувчи ҳам шундай қилади. Шу сабабли биз, муаллимлар юриш-туришимизда, гап-сўзимизда нафақат ўқувчига, ҳатто бир-биримизга ҳам ибрат бўлишга интиламиз.
Ўқувчиларимдан бирига йўл қоидаси ҳақида тушунтириш бердим. Светофорнинг қайси ранги ёнганда ўтиш зарурлиги, йўлга чизилган пиёдалар белгисидан ўтиш каби ҳолатларни айтдим, унга риоя этмаслик оқибатларига мисоллар келтирдим. Шунда ўқувчим «Нега менга бу ҳақда гапиряпсиз?», деб сўради. Мен унга эрталаб мактабга кириб келишда онаси билан бирга йўл қоидасини бузганлигини айтдим. «Онам қўлимдан ушлаб юр дегандан кейин юрдим-да», деди у. Очиғи, самимий суҳбатдан кейин боланинг фикрини ўзгартира олдим. Эртасига мактабга келишда ўша бола онасига йўлдан ўтишда қоидага риоя қилиш кераклигини айтибди. Мен айтган тартибни онасига ҳам тушунтирибди. Дарсдан сўнг ҳалиги аёл ҳузуримга келиб, боласига берган ҳаётий сабоғим учун раҳмат айтиб кетди, кечирим ҳам сўраб қўйди. Бундай пайтда муаллим бўлганлигимдан қувонаман.
Аммо баъзан жуда ноқулай вазиятларга дуч келамиз. Мактабда тартиб-интизомли, интилувчан бола уйига боргач, назорат йўқлигидан талтайиб кетади, масъулиятни унутади. Айрим ота-оналар бола феълидаги ўзгаришлар билан қизиқмайди. Айниқса, жисмоний ўсиш давридаги руҳий ўзгаришларни ўйинқароқлик, жиззакилик деб тушунишади. Бу ҳолатни ўғил ёки қизини урушиб енгишга интилишади. Баъзида бундай ота-оналарга гапимиз ўтмайди. Улар боласининг тарбияси уйида эмас, айнан мактабда бузилаётганлигини пеш қилади. Ваҳоланки, бизда оилада яхши тарбия кўрган болалар дарсда ҳам, юриш-туришда ҳам, жамоат орасида ҳам одоб сақлашади. Ҳатто ана шундай маданиятли болаларни мисол қилиб келтирсак ҳам баъзи ота-оналар тушунишни исташмайди.
Бир сўз билан айтганда, таълим-тарбияда ўқитувчининг вазифаси мактабда ўқувчининг дарсга бўлган иштиёқини кучайтириш, илмга интилишини ошириш ҳамда унинг жамоат ичида тартиб-интизомли бўлишини таъминлашдан ҳам иборат. Учраётган нохуш ҳолатларни бартараф этишда ҳам, барибир ота-онадан олган ибрати бўлиши керак. Акс ҳолда, ҳаракатимиз зое кетади. Бу нозик масалада ота-оналар доимо ҳушёр бўлишини истар эдим.
Гулшода Абдурасулова,
Самарқанд шаҳридаги 5-мактаб ўқитувчиси.