Шерали Жўраевнинг қўшиғини рухсатсиз куйлаган Санжай жаримага тортилди
Ижтимоий тармоқларда хонанда Санжай таҳаллуси билан ижод қилаётган Санжар Жавбердиев Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраевнинг қўшиқлари матнини ҳуқуқ эгаларининг рухсатисиз ўзгартирган ҳолда ижро этгани сабабли Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигига чақиртирилгани ҳақидаги видео ёзувлар тарқалган эди.
Сабаби, Интеллектуал мулк агентлиги мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилотнинг мурожаати асосида С.Жавбердиев томонидан шеър муаллифи У.Азимов ҳамда Ўзбекистон халқ артисти Ш.Жўраев ижросидаги “Карвон” номли қўшиғини ва шеърини асар яхлитлигини бузган ҳолда муаллифларнинг розилигисиз ижро этилган ҳолатларни аниқлаган ҳамда Санжайга нисбатан Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилиб, тегишли чора кўриш учун судга киритилган.
Интеллектуал мулк агентлиги хабар беришича, 2021 йил 9 март куни Навоий вилояти Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди томонидан хонанда Санжар Жавбердиев (Санжай)га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 177-(1)-моддаси биринчи қисми бўйича жарима жазоси тайинланди.
“Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонуннинг 62-моддасига асосан муаллифларнинг шахсий номулкий ҳуқуқларини бузиш, ҳуқуқ эгаси ёки мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилот билан шартнома тузмасдан асарлар ёки турдош ҳуқуқлар объектини такрорлаш, тарқатиш ёки ундан бошқача тарзда фойдаланиш муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни бузиш ҳисобланади.
Қонуннинг тегишли моддаларида муаллиф ҳуқуқлари аниқ келтирилган. Хусусан, ижрочилар ўз ҳуқуқларини ижро этиладиган асарлар муаллифларининг ҳуқуқларига риоя этган ҳолда амалга оширишлари керак.