Шерни жиловлаган қария

... Кекса зоҳиддан сўрашди:

- Ёлғизликдан чарчаб кетмайсизми?

У жавоб берди:

- Менинг қиладиган юмушларим кўп: Икки қирғий ва иккита бургутни ўргатишим, иккита қуённи тинчлантиришим, илонни итоатгўй қилишим, эшакни қўллаб-қувватлашим ва шерни жиловлаб олишим керак.

- Лекин ёнингизда бирор бир ҳайвонни кўрмаяпмиз. Улар қаерда?

Зоҳид жавоб берди:

- Биз у ҳайвонларни ўз ичимизда олиб юрамиз.

Икки қирғий уларнинг яхши ёки ёмон, фойдали ёки зарарли эканлигини фарқ қилмасдан ўзлари кўрган барча нарсага ташланади. Мен уларни фарқлашни ўргатишим керак. Қирғийлар - менинг кўзларим.

Икки бургут тирноқлари билан теккан нарсаларига зарар етказади ва йўқ қилиб юборади. Мен уларга зарар бермасдан хизмат қилишни ва бошқаларга ёрдам беришни ўргатишим керак. Бургутлар - менинг қўлларим.

Қуёнлар ҳар доим у ёқдан бу ёққа сакрайди, қўрқишади ва яширинишади. Мен уларни тинчлантириб, муаммолардан қочишни эмас, балки қийин вазиятларни енгишга ўргатишим керак. Қуёнлар – менинг оёқларим.

Энг қийини – илонни назорат қилиш. У зич қафас ортида маҳкам ёпилган бўлса-да, ҳар доим ёнида бўлганларга ҳужум қилишга, ниш уриб, уларни заҳарлашга тайёр туради. Шунинг учун мен уни тийиб туришим керак. Бу - менинг тилим.

Эшак ҳамма билганидек жуда ўжар, у ҳар доим ҳорғин юради ва ўз вазифаларини бажаришни истамайди. Бу - менинг танам.

Ва ниҳоят мен подшоҳ вазифасида барча устидан ҳукмрон бўлишни ҳоҳлайдиган шерни жиловлашим керак. У мағрур, шуҳратпараст ва бутун дунё унга бўйсуниши керак, деб ўйлайди. Бу - менинг худбинлигим.

Кўриб турганингиздек, менинг ишим жуда кўп...

Баҳора тайёрлади.