Шерзод Қудбиев Давлат солиқ қўмитасининг раиси бўлади
Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда парламент қуйи палатасида таркиб топган янги амалиётга мувофиқ, депутатлар Ҳукумат аъзолигига тайинланаётган номзодни кўриб чиқдилар.
Бу гал Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси лавозимига номзод муҳокамаси ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси лавозимига айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат хизмати ва ҳокимият вакиллик органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келаётган Шерзод Қудбиевнинг номзоди кўрсатилган.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси лавозимига номзоди кўрсатилган Шерзод Қудбиев парламент аъзолари томондан кўтарилган саволларга атрофлича жавоб қайтарди. Номзод мазкур лавозимга киришганидан сўнг солиқ соҳасидаги ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлаш мақсадида келгусида амалга ошириладиган ишлар ҳақида қисқача ахборот берди.
Савол-жавоб, муҳокамалардан сўнг мажлис якунида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Шерзод Қудбиевни Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси лавозимига маъқуллаш ҳақидаги қарори қабул қилинди, деб хабар берди "Халқ сўзи" нашри.