Шифокорларга зўравонлик қилган шахслар 5 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин

Бош прокуратура томонидан тиббиёт ходимлари фаолиятига тўсқинлик қилиш ва уларга нисбатан зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш мақсадида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Статистик маълумотларга кўра, 2018-2021 йилларда республикада 470 дан ортиқ ҳолатда тиббиёт ходимларига нисбатан турли шаклдаги тажовузлар қилинган. Лойиҳага кўра, шифокорларга қўл кўтарганлар маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Хусусан, шифокорларга зўравонлик қилиш оғирроқ жавобгарликни келтириб чиқарадиган безорилик жинояти, деб баҳоланмоқда. Безорилик жинояти ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан шахсга ёки унинг яқин қариндошларига нисбатан содир этилиши уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланишига олиб келиши кўрсатилиб, бунинг натижасида тиббиёт ходимларига безорилик оқибатида тажовуз қилганлик учун жавобгарлик оғирлаштирилмоқда.