Шимолий Корея навбатдаги ядро синовини ўтказмоқчи

Жанубий Корея ташқи ишлар вазири Пак Жин Шимолий Корея навбатдаги ядро синовини ўтказишга тайёрлигини маълум қилди, дея хабар бермоқда  Associated Press.

“Шимолий Корея навбатдаги ядро синовига тайёргарликни якунлади, менимча, ягона етишмаётган нарса,а бу - сиёсий ечим”, дея вазирнинг сўзларини келтиради агентлик.

“Агар Шимолий Корея яна бир ядровий синов ўтказса, бу бизнинг чеклов чораларимизни, шунингдек, халқаро санкцияларни кучайтиради”, дея қўшимча қилди у.

Пак Жин Шимолий Кореяни “қайта ўйлаб кўриш ва тўғри қарор қабул қилишга” яна  бир бор чақирди.

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен, ўз навбатида, Қўшма Штатлар, Жанубий Корея ва Япония Пхеньяннинг ҳаракатларига жавобан ҳарбий стратегияларни ўзгартириши мумкинлигини таъкидлади.

“Биз барча кутилмаган вазиятларга ҳамкорлар билан мувофиқликда тайёрланяпмиз, ҳарбий стратегиямизга қисқа ва узоқ муддатли тузатишлар киритишга тайёрмиз”, деди Блинкен.

Шимолий Корея 2017 йил сентябрида шу пайтга қадар сўнгги олтинчи ядро синовини ўтказган эди. Шунингдек, йил бошида Пхеньян бир неча бор ракеталарни синовдан ўтказди.