Шимолий Кореянинг юқори мартабали мулозими аэропортнинг ўзида отиб ташланган
Шимолий Кореанинг АҚШдаги махсус вакили Ким Ҳёк Чол АҚШга жосусликда айбланиб, ташқи ишлар вазирлигининг тўрт мулозими билан бирга Пхенянда аэропортнинг ўзида сўроқ қилиниб, отиб ташланган, деб ёзмоқда minbar.uz.
Жанубий Кореянинг "Чосун илбо" газетасининг ёзишича, Ким Ҳёк Чол Шимолий Корея лидери ва АҚШ президентининг Ханойдаги учрашувига тайёргарлик кўрган.
Ким Чен Ин навбатдаги тозаловни бошлаб юборган кўринади. Ким Ҳёк Чол билан биргаликда музокараларга тайёргарлик кўрган Ким Сонг Хе сиёсий маҳкумлар лагерига юборилган.
Мамлакат лидерига музокарада таржимонлик қилган Шин Хе Йонг таржимада адашиб кетгани учун сиёсий маҳбуслар лагерига қамалган.
Ким Чен Иннинг синглиси, мамлакатдаги энг таъсирли шахслардан бўлган Ким Ё Чжон ҳам Ханой учрашувидан кейин йўқолиб қолган.
Шимолий Кореянинг "Родонг синмун" газетаси шундай ёзади: “Бошқалар олдида лидерга ҳурмат кўрсатиш, бошқа пайт бошқа нарсаларни ўйлаш аксилпартиявий, аксилинқилобий ҳаракат бўлиб, бу билан лидерга нисбатан ахлоқий садоқат йўқолади, бундай одамлар инқилобнинг оғир ҳукмидан қочиб қутула олмайди... Лидерга садоқатини айтиб, аммо шароитга қараб ўзгарадиган бетайинлар, хоинлар бор”.
Ким Чен Ин 2011 йили давлат тепасига келгандан бери бир неча марта тозалашларни амалга оширди. 2013 йили у ҳатто ўзининг амакиси ва устози Янг Сонг Текни ҳам қатл қилдирган.
У ҳатто феъл-атвори ҳурматсизликдек кўринганларни ҳам шафқатсиз жазолаган. 2016 йили халқ таълими вазирлигининг юқори мартабали мулозими Ри Йонг Жин мажлисда ухлаб қолгани учун ўлимга ҳукм қилинган. Шундан бир йил аввал Шимолий Кореянинг собиқ мудофаа вазири Хён Йонг Чол ҳаво ҳужумига қарши ракета билан ўлдирилган. Унинг ҳам айби ҳарбий парад вақтида мудраб қолгани бўлган.