Шошганнинг шериги шайтондир
– Қани, тез бўл, овқатингни тез е, мактабингга кечикасан! Сутингниям, шакар чойингниям тез ич!
Бу таҳдидлардан ҳадиксираган бола эса шошганча, апил-тапил, бетартиб, чала-чулпа овқатланишга тушади. На еяётган овқатининг мазасини, ҳидини билади, на қандай таом эканини. Бундай ҳолатда болада иштаҳа бўлмайди ва таомни ҳазм қилувчи шира ҳамда ферментлар меъёрида ажралиб чиқмайди. Бу кўра била туриб болаларни меъда-ичак касалликларига дучор қилишдан бошқа нарса эмас.
Кейинги пайтларда бамайлихотир, ҳузурланиб, иштаҳа билан овқатланиб ўқишга, ишга кетаётган кишиларни учратиш қийин бўлиб қолди. Қаёққа қарама, ҳамма шошилган, асабий.
Она озроқ уйқусидан кечиб эртароқ турса, болаларига овқат тайёрлаб, уларни ҳам эртароқ туришга одатлантирса, бола шошмасдан, тўлақонли овқатланади, хотиржамгина мактабига кетади.
Болалар ўртасида ошқозоннинг гипоацид гастритлари, гастрокардиал синдром ва неврозлар, меъда чиқарув қисми спазмлари, ошқозон ва 12 бармоқли ичак яралари, гастрохолицистит, гастропанкреатитлар каби ҳазм йўллари хасталиклари кўп учраётганига пала-партиш овқатланиш сабаб бўляпти.
Болаларнинг ҳам, катталарнинг ҳам шошилиб таом ейиши беасорат қолмайди. Бу ҳол ҳазм тизими аъзоларини заифлаштиради. Гоҳида меъда шираси ажралишини батамом тўхтатиб, тиқилмалар ҳосил бўлишига сабаб бўлади. Оқибатда инсоннинг жигари, ўт қопи шикастланиб, бемору бедорга айлантиради-қўяди.