Сифати кафолатланмаган дорилар йўқ қилинди
Самарқанд халқаро аэропортига “Истамбул-Самарқанд” йўналишидаги авиарейс билан учиб келган фуқаро Н.У. “қизил” йўлак орқали божхона назоратидан ўтаётганида, багаж сумкасида йўловчи божхона декларациясида ёзиб кўрсатилмаган ва сифати кафолатланмаган қиймати 71,3 млн. сўмлик дори воситаларини яшириб ўтаётганлиги маълум бўлди.
Аниқланган ҳолат юзасидан божхона ходимлари томонидан холислар иштирокида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилган.
Экспертиза хулосасига кўра, мазкур дори воситалари Давлат реестрига киритилмаган, мувофиқлик сертификати расмийлаштирилмаган ва сақлаш шароитларига амал қилинмаган. Шу сабабли ушбу дори воситаларини мамлакатимиз ҳудудида ташиш, сотиш ва тиббиёт амалиётида қўллаш тақиқланган.
Суднинг қарори билан ҳуқуқбузар Н.У. нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.
Шунингдек, ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида олинган дори воситалари тегишли тартибда йўқ қилинди.