Silk Avia йўловчиларни авиачипталар билан боғлиқ фирибгарликдан огоҳлантирди

Маълум бўлишича, охирги бир неча кун ичида Silk Avia авиакомпанияси парвозларига авиачипталарни сотиш билан боғлиқ бир нечта фирибгарлик ҳолати қайд этилган.

Маҳаллий авиақатновлар терминалининг рўйхатдан ўтиш пештахтасига йўловчи келиб, ходимга "Тошкент-Термиз" йўналиши учун авиачипта бўлган ҳужжатни узатган. Бироқ ҳужжат фақатгина ушбу рейс учун броннинг босма нусхаси бўлиб чиққан. Йўловчининг таъкидлашича, бундай чипта унга Тошкент шаҳри кассаларидан бирида сотилган.

Авиакассага қўнғироқдан сўнг ушбу йўловчига пул қайтарилган, шундан сўнг йўловчи аэропорт кассасидан чипта сотиб олиб, Термизга учиб кетган.

Silk Avia минтақавий авиакомпаниясининг рейсларига чипталарни фақат аэропорт кассаларида ёки компаниянинг “Silk-avia.com” расмий сайти орқали онлайн харид қилиш мумкинлиги қўшимча қилинган.