Синф раҳбарлари совғага муҳтожми?

Ўқув йили якунланаётгани сари таълим муассасалари ўқитувчи-мураббийлари ҳамда ота-оналарнинг ташвиши, югур-югури кўпайиб қолади. Савдо дўконларига кирсангиз, бобо-бувилар, ота-оналарнинг набиралар, фарзандларининг “Сўнгги қўнғироқ” тадбири учун кийим-кечак, совғалар танлаётганига гувоҳ бўласиз. Ресторан-кафеларда эса “Битириш кечаси”га пинҳона буюртмалар бўлаётгани қулоғингизга чалинади.

Халқ таълими вазирлиги бундай тадбирларни ортиқча дабдаба ва чиқимларсиз, ўқувчилар ҳаёти хавфсизлигини таъминлаган ҳолда, педагоглар жамоаси ва ота-оналар кенгашлари вакиллари иштирокида ўтказишни тавсия этмоқда.
Аммо эл ичида юрган ҳар хил гап-сўзлар кишини ўйлантириб қўяди. Кимдир 11-синф битирувчилари пул йиғиб, синф раҳбарига “эсдалик” совғаси ҳозирлаётгани ҳақида гапирса, яна кимдир катта пул эвазига “Битирув оқшоми” учун ресторан банд этишганини айтяпти.
Бундай миш-мишларга ишонмасликка ҳаракат қиламану, бироқ мутасадди раҳбарлар воқеликни қанчалик яширишга уринмасин, салбий ҳолатлар таълим муассасаларида ҳалиям давом этаётгани мени ташвишга солади.
Мамлакатимизда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентнинг бир қанча фармон ва қарорлари қабул қилиниб, коррупция ҳолатларининг олдини олишга қаратилган жиддий чоралар кўлланилаётганига қарамасдан, халқ таълими муассасаларида бундай салбий ҳолатларга чек қўйилмаётгани ажабланарли.
Бугун бу каби иллатларга қарши қатъий кураш бошланган. Чунки коррупцион ҳолатлар жамиятнинг маънавий илдизига болта уради, фуқаролар, айниқса, мактабни эндигина битириб, катта ҳаёт бўсағасига қадам қўяётган йигит-қизларимизнинг дунёқарашини заифлаштиради, улар онгида реал турмуш тарзига нисбатан нообъектив фикр уйғотади.
Хўш, айтингчи, аслида синф раҳбарлари совғага муҳтожми?

Йўлдош Суюнов,
меҳнат фахрийси, ҳуқуқшунос.