SIUT ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлар учун Жанубий Кореяда таълим олиш имкониятини яратди

Самарқанд халқаро технология университети (SIUT) ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларини қўллаб-қувватлаш ва уларга халқаро таълим стандартлари асосида билим бериш борасида хайрли ташаббусларни давом эттирмоқда.

Бугунги кунда университет ва Жанубий Кореянинг нуфузли Gimcheon High School мактаби ўртасида йўлга қўйилган ҳамкорлик таълим орқали ижтимоий тенгликни таъминлаш ва ёшлар салоҳиятини рўёбга чиқаришга хизмат қилаётган энг муҳим лойиҳалардан бирига айланди.

Ушбу халқаро лойиҳа доирасида «Темир дафтар»га киритилган оилаларнинг 30 дан ортиқ иқтидорли фарзандлари ичидан интеллектуал салоҳияти юқори бўлган беш нафар ўқувчи -  Раббим Равшанов, Озодбек Йўлдошев, Мавлонбек Раббимов, Умрбек Йўлдошев ва Шоҳимардон Шарофов саралаб олинди. Улар университет Васийлик кенгаши таъсис этган махсус грант асосида саккиз ой давомида математика, инглиз ва корейс тиллари бўйича интенсив тайёргарликдан ўтдилар. KITC – Корейс тили ва маданияти марказида олиб борилган машғулотлар ўқувчиларнинг нафақат тил билимини оширишга, балки хорижий муҳитга тез мослашишига ҳам замин яратди.

Бугунги кунда саралаб олинган ёшларнинг уч нафари — Раббим Равшанов, Озодбек Йўлдошев ва Мавлонбек Раббимов Жанубий Кореяда муваффақиятли таҳсил олиб, тил билиш даражаси ва ижтимоий фаолликда юқори натижаларни қайд этмоқда. Яқин кунларда эса Умрбек Йўлдошев ва Шоимардон Шарофов ҳам Жанубий Кореяга жўнаб кетиши кутилмоқда.

23 декабрь куни SIUTда бўлиб ўтган учрашувда ушбу лойиҳанинг илк ютуқлари сарҳисоб қилиниб, келгусида ижтимоий кўмакка муҳтож ёшлар қамровини янада кенгайтириш ва таълим орқали уларнинг истиқболини таъминлаш устувор вазифа экани яна бир бор таъкидланди.