SIUT кутубхонаси EBSCO ресурсларидан фойдаланиш бўйича Ўзбекистоннинг TOP–10 кутубхоналари қаторига кирди
Тошкент шаҳрида жойлашган “Sarbon University”да Erasmus+ HEREs Миллий экспертлар жамоасининг йиллик халқаро конференцияси ҳамда “Илмий ахборотдан фойдаланиш ва нашр фаоллиги” IX йиллик илмий-таълим форуми ўтказилди.
Таъкидлаш лозимки, талабаларнинг изланиш маданияти, ўқитувчиларнинг илмий фаолияти ва университетларнинг умумий академик салоҳияти кўп жиҳатдан кутубхоналар фаолиятига, хусусан, рақамли манбалардан фойдаланиш даражасига боғлиқ.
Шу нуқтаи назардан, Самарқанд халқаро технология университети (SIUT) кутубхонасининг 2025 йилда EBSCO илмий маълумотлар базасидан энг самарали фойдаланувчи TOP–10 кутубхоналар рўйхатидан жой олиши университетда илмий ахборот билан ишлашга жиддий эътибор берилаётганидан далолат беради.
“Sarbon University”да ўтказилган форумда рақамли таълим, Болонья жараёнига мослашув, илмий рейтинглар, кутубхоналар фаолиятини модернизация қилиш каби масалалар муҳокама қилинди. Унда ректорлар, халқаро экспертлар, кутубхона раҳбарлари ва соҳа мутахассислари қатнашди. SIUT кутубхонаси делегацияси ҳам тажриба алмашиш ва сектордаги энг янги ёндашувларни ўрганишда фаол бўлди.
Анжуман якунида “Замонавий кутубхонада EBSCO электрон ресурсларидан самарали фойдаланиш” танловининг натижалари эълон қилинди. Баҳолаш фақат очиқ статистика — 2025 йилнинг апрель–июль ойларида EBSCO платформасидан фойдаланиш кўрсаткичлари асосида амалга оширилди.
Танловда 125 та олий таълим муассасаси иштирок этди. Натижага кўра, SIUT кутубхонаси энг юқори фаолият кўрсатган кутубхоналар ўнталигига кирди.
Бу кўрсаткич талаба ва ўқитувчиларнинг халқаро илмий манбалардан мунтазам фойдаланаётганини ҳамда университетда илмий тадқиқотлар учун зарур рақамли экотизим шаклланганидан далолат беради.
- Кутубхонамиз охирги икки йил давомида миллий ва халқаро миқёсда юқори натижаларга эришди, - дейди SIUT кутубхонаси директори Равшан Амиров. - 2024 йил октябрда Ўзбекистон ОТМ кутубхоналари рейтингида 2-ўринни олдик. 2025 йил август ойида кутубхонамиз Астана шаҳрида бўлиб ўтган IFLA WLIC 2025 халқаро конгрессида EBSCOдан фойдаланиш бўйича "Top–10" кутубхоналар қаторига киритилди.
Бу натижалар кутубхонада ресурслардан фойдаланиш маданияти шаклланаётганини, талабаларнинг илмий изланишларга қизиқиши ортиб бораётганини ва рақамли базалар билан ишлаш имкониятлари изчил кенгайиб бораётганини тасдиқлайди.