Сиёсий шарҳ: Дунёни қаритган 100 йил
Бугун кўҳна дунёни янги-янги зиддиятлар ўз домига тортиб бормоқда. Бироқ эндиги кураш аввалгидек очиқчасига кечмай, гоҳ пинҳона, гоҳ айёрона тарзда давом этмоқда.
Азалий кураш
ХХ асрда жаҳонни қамраб олган, социалистик лагерь ва капиталистик дунё ўртасида кечган аёвсиз “оловли” ҳамда “совуқ уруш” жанглари юз йиллик охирига келиб коммунистик ғояларнинг тарих чиқиндихонасига улоқтирилиши билан поёнига етди деб ўйлагандик. Афсуски, ХХI аср бошланиши билан тарих жанггоҳларидаги курашлар янги шакл ва мазмунда яна авж олди. Энди ундаги кураш коммунистик ва капиталистик тузум орасида эмас, балки демократия билан автократия ўртасида кечмоқда.
Аслида, янгилик билан эскилик орасидаги баҳс ва тортишувлар азалдан бўлиб келган. Буни Ғарбда либераллар билан консерваторлар орасидаги келишмовчиликлар сифатида қайд этишса, бизнинг Шарқ мамлакатларида жадидлар ҳамда қадимлар мунозараси мисолида кўришимиз мумкин. Россияда эса европапарастлар билан славянофиллар ўртасидаги тортишувлар ҳанузгача давом этиб келмоқда.
Бундай келишмовчиликлардан дунёдаги демократия шамчироғи саналмиш Америка Қўшма Штатларидек илғор мамлакат ҳам мустасно эмас. Шу йил бошида у ерда содир бўлган воқеалар авторитар президент бўлишга интилган Дональд Трампнинг қайта сайланиш ҳақидаги хомхаёлини батамом чиппакка чиқарди. Чунки маълум сабабларга кўра, АҚШ президенти мутлақ ҳукмдор бўла олмайди. Америкада конгресс ҳамда суд тизими батамом мустақил бўлиб, жаноб президентларнинг попугини пасайтириб қўйиш иқтидорига эга. Аммо жаҳоннинг ҳамма мамлакатларида ҳам шундай деб бўлмайди. Айрим президентлар хокимиятни мутлақ ўз қўлларига оладилар ва бу борада катта хатоларга йўл қўядилар.
Одамни ҳукмиравонлик бузади, мутлақ ҳукмиравонлик уни мутлақо айнитади. Шу боис ҳам ривожланган демократик мамлакатларда давлат бошлиқларининг амал муддатлари конституция асосида қатъий чеклаб қўйилган. У ерларда ҳокимият қонуний йўл билан алмашиниб туради. Автократик тузумларда эса алмашиниш қонуний усул билан бўлмаганлиги боис кутилмаган тарзда амалга ошади. Давлат бошлиғи ё табиий тарзда фоний дунёни тарк этади ёки бўлмаса, давлат тўнтариши орқали тахтидан туширилади. Бунга тарихдан истаганча мисоллар келтириш мумкин.
“Гибрид уруш” фронтларида
Юқорида айтганимиздек, бугун кўҳна дунёни янги-янги зиддиятлар ўз домига тортиб бормоқда. Бироқ эндиги кураш аввалгидек очиқчасига кечмай, гоҳ пинҳона, гоҳ айёрона тарзда давом этмоқда. Айтайлик, кечагина бошимизга беқиёс катта ташвишлар келтирган коронавирус пандемиясини олиб кўрайлик. Ушбу касаллик ҳозирда дунё афкор оммасига бир нечта жавобсиз саволларни кўндаланг қилиб қўймоқда: “COVID-19” табиий эпидемия эдими ёки сунъий яратилган касалликми? Нега бир миллиарддан зиёд одам яшайдиган Хитойда касалланганлар сони 100 мингга ҳам етмади? Нега Хитой маъмурлари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакилларини Ухандаги биолабораторияларига киритмадилар? Нега Хитойда суд журналист Чжан Чжанни вирус эпидемияси ҳақида биринчи бўлиб хабар берганлиги учун тўрт йилга озодликдан маҳрум қилди?
“The Wall Street Journal” газетасининг ёзишича, Хитой ЖССТнинг Ухан шаҳрида жойлашган мутахассисларига коронавирус инфекциясининг дастлабки ҳолатлари тўғрисида маълумотларни тақдим этишдан ҳам бош тортган. Нега? Хуллас, саволлар кўп – жавоб йўқ.
Ёки бўлмаса, Россия, Хитой, Эрон, Шимолий Корея сингари давлатларнинг Ғарб мамлакатлари сайлов тадбирларига, демократик институтларнинг фаолиятига кибернетик-информацион аралашувларини олиб кўрайлик. Тўғри, жаҳон давлатлари ўртасида ахборот уруши азалдан бўлиб келган. Аммо ички ишларга очиқчасига, қитмирона аралашув – бу энди янгича кураш усули бўлиб, янги-янги келишмовчиликларни пайдо қилмоқда. Айниқса, бу борада замонавий техника ва технологиялардан фойдаланиш кенг урф бўлиб бораётир.
Масалан, америкаликлар Дональд Трампнинг ҳокимият тепасига келишида Кремлнинг қўли борлиги ҳақида гумон қилишмоқда. АҚШнинг янги президенти Жо Байден Москвани Ғарб демократик қадриятларига қарши қўпорувчилик фаолияти учун айбламоқда. Ҳақиқатан ҳам, россиялик маъмурлар “совуқ уруш”даги мағлубиятлари учун Ғарб дунёсидан реванш олиш борасида анчагина номақбул қадамлар қўяётгани бугунги кунда сир бўлмай қолди. Мамлакатда ва хориждаги мухолифат вакилларининг жисмонан йўқ қилинаётганлиги, ўзгача фикрлайдиган кишиларнинг қувғин қилиниб, жазога тортилаётганлиги ҳам шулар жумласидандир.
Янги Россиянинг кўзга кўринган сиёсий арбоби Борис Немцов 2015 йилда Кремль деворлари ёнида отиб ўлдирилган эди. Бугунги кунларда коррупцияга очиқдан-очиқ қарши чиқаётган мухолиф Алексей Навальнийни эса заҳарлаб йўқ қилишга эришолмаган маъмурлар сохта айблов билан уни узоқ муддатли қамоқ жазосига маҳкум этишга муваффақ бўлишди. Нафсиламрини айтганда, Навальний ҳам рисоладагидек сиёсатчи бўлмай, рус шовинизмининг кўзга кўринган вакилларидан биридир. Шу боис ҳам инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ”Эмнист Интернейшнл” ташкилоти уни “виждон тутқуни” деб тан олишдан бош тортди. Чунки Навальний нолинчи йиллар бошида миллатчи гуруҳларга қўшилиб, ўзининг шовинистик кўзқарашлари билан танилганди.
Боши берк кўча
Гап Россия ҳақида кетар экан, президент Путин худди эртаклардагидай чорраҳага кириб қолган. Тарихдан яхши маълумки, ғарбона демократик бошқарув усули рус давлатчилиги учун мутлақо тўғри келмайди. Нега десангиз, Россия анъанавий империя шаклидаги мамлакат бўлиб, либерал ислоҳотлар давлатнинг парчаланиб кетишига олиб келиш эҳтимоли юқори. Масалан, ХХ аср бошларида содир бўлган инқилоблар натижасида империя Польша, Финляндия, Бессарабия, Ғарбий Украина, Ғарбий Беларусь, Болтиқбўйи сингари ҳудудларини йўқотганди. Михаил Сергеевич Горбачёвнинг демократик ислоҳотларидан кейин қизил империя яна ўн беш қисмга бўлиниб кетди ва собиқ иттифоқчи республикалар тўлақонли мустақил давлатларга айланишди. Демак, Россия учун демократия томон олиб борадиган йўл хатарли. Россияни Солженицин ва Жириновский таклиф қилгандек ягона унитар давлатга айлантириш ҳам даргумон. Чунки у ерда юздан ортиқ миллат ва элатлар яшайди. Улар ўзларининг миллий ўзликларидан, тилларидан, динларидан асло воз кечмайдилар. Шу боис Владимир Путин давлатни ҳозирги шаклда сақлаган ҳолда, уни кенгайтира бориш сиёсатини юргизмоқда. Теварак-атрофдаги қўшнилар ҳудудларини зимдан эгаллай бориш орқали рус дунёсини кенгайтириш режаси амалга оширилмоқда.
Шу маънода Путиннинг айрим қўшни давлатлар собиқ СССРдан ҳудудларини кенгайтириб чиқиб кетишгани ҳақидаги иддаоси барчани сергаклантириб қўйди. Бу йўл эса тамоман борса келмас йўл бўлиши ҳам мумкин. Бунда собиқ империя метрополияси охирги иттифоқчиларидан ҳам айрилиб, тамоман яккаланиб қолиши эҳтимоли катта. Ғарбнинг санкциялари натижасида шундоқ ҳам изоляцияга тушиб қолган мамлакат учун бу йўл мутлақо тўғри келмайди. Бизнинг фикримизча, Россия катта оғалик кайфиятидан воз кечиб, барча қўшни давлатлар билан тенг ҳуқуқли, дўстона ҳамкорлик йўлига кириши лозим. Бунда буюк давлатчилик шовинизми руҳидаги сиёсат юргизиш фақат тескари натижа бериши мумкин, холос. Украина билан бўлган муносабатлар бунга яққол мисол бўла олади. Бир вақтлар қон-қардош, оға-инидай бўлган икки халқ орасидаги дўстлик кўприги қулаб, унинг ўрнида пайдо бўлган жарлик бугун тобора чуқурлашиб бормоқда.
Бойлар ҳам йиғлайди
Кейинги вақтларда Москва Ғарб либерал демократик тизимларининг таназзули ҳақидаги гапларни тобора кенг оммавийлаштириб, бунга Америкада консерватив кайфиятларнинг кучайиб бораётганлиги, Буюк Британиянинг Европа Иттифоқини тарк этиши, Испанияда айирмачи кучларнинг бош кўтараётганлиги, Германияда миллатчиларнинг кўпаяётганини мисол қилиб кўрсатмоқда. Дарҳақиқат, буларнинг барчаси бугунги кунлардаги реал воқеликдир. Масалан, АҚШда шу йил бошида содир бўлган воқеаларга тўхталадиган бўлсак, конгрессдаги демократик партия вакилларининг собиқ президент Дональд Трампга импичмент (вазифасига нолойиқ деб топиш) борасидаги иккинчи уринишлари ҳам натижасиз тугади. Конгресс аъзоларининг учдан икки қисми овозини тўплай олмагач, Трампни сиёсий майдондан ҳайдаб чиқариш режаси тамоман чипакка чиқди. Бу билан конгрессменлар 2024 йилда бўлажак президентлик сайловларига қатнашиши учун унга яна бир имконият яратиб беришди. Аммо бу йўлда Трамп бир нечта сиёсий чиғириқлардан ўтишига тўғри келади. Бўлиб ўтган президентлик сайловида мағлубият аламини тотган республикачилар партияси ҳозир инқироз даврини бошидан кечирмоқда. Нега десангиз, кўпроқ консерватив ғояларни илгари сурувчи бу ташкилот икки катта гуруҳ – мўътадил ҳамда радикал, – бир-бирига қарши томонларга бўлиниб кетиши эҳтимоли кучаймоқда. Айтайлик, шу йил бошида Оқ уйга бостириб кирган Трамп тарафдорларининг асосий қисми радикал кайфиятдаги республикачилар бўлгани бугунги кунда аниқ бўлиб қолди. Тўғри, АҚШ конституцияси фуқароларнинг ҳукуматга қарши намойишларга чиқиш эркинлигини чекламайди. Бироқ қуролланган одамларнинг ҳукумат биносига эшикларни синдириб бостириб кириши, бунинг устига полициячилар ва хавфсизлик кучларига қарши жисмоний зўравонлик қилиши жиноят кодексининг моддалари асосида қаттиқ жазоланади. Агар уларни расмий ҳукуматга қарши Трамп гиж-гижлагани аниқ далиллар билан исботланса, собиқ президентнинг ҳам жиноий жавобгарликка тортилиши аниқ гап.
Яқинда бўлиб ўтган халқаро анжуманда Владимир Путин жаҳонда вужудга келган бугунги вазиятни ўтган асрнинг 30-йилларидаги ҳолатга ўхшатди. Ҳақиқатан ҳам, айрим белгилари билан бугунги дунё Иккинчи жаҳон уруши арафасидаги манзарани эслатади. Ўшанда ҳам Биринчи жаҳон урушидаги мағлубиятдан аламзада бўлган герман миллатчилари дунёда кечаётган оғир иқтисодий инқироз натижасида ҳокимият тепасига келишганди.
Улар немис халқининг шовинистик ҳиссиётларини алангалатиб, оммани ўз агрессив ғоялари атрофига бирлаштирган эди. Германия қаттиқ сиёсий режим босими остида қисқа вақт ичида оёққа туриб, Европадаги кучли давлатлардан бирига айланди. Муваффақиятлардан илҳомланган Адольф Гитлер қўшни мамлакатлар ҳудудларига кўз олайтира бошлади. Австрия ва Чехословакиянинг бир қисми Германияга қўшиб олинди. Гитлернинг важоҳатидан чўчиган Ғарб мамлакатлари раҳбарлари ҳамда Сталин у билан муроса-мадора қилиш йўлига ўтишди. Аммо ёвуз ниятли гитлерчилар охири дунёни уруш гирдобига тортишди. Буюк Британиянинг ўша даврдаги бош вазири Уинстон Черчилль айтганидек, урушдан қўрқиб, шармандалик йўлини танлаган либерал дунё ҳам шармандалик, ҳам урушга юзма-юз бўлди. Бугун айрим сиёсатчилар “совуқ уруш”даги мағлубиятдан аламзада бўлиб, ғолиблардан аччиқ қасос олишга тиришмоқда. Бу борада қўлларидаги мавжуд барча воситаларни ишга солишмоқда. Шу боис бўлса керак, дунёда сиёсий вазият тобора таранглашиб бораётир. Фақат фарқ шундаки, эндиги уруш жанговар қурол-аслаҳалар билан эмас, балки маккорона гибрид усулда олиб борилмоқда.
Худойберди Комилов,
“Зарафшон”нинг сиёсий шарҳловчиси.