Сиз берган қармоқда балиқ ушласа бўладими?..

Кейинги йилларда юртимизда камбағалликни қисқартириш масаласи кун тартибидан тушгани йўқ. Жорий йилги Давлат дастурида ҳам бу йўналишга алоҳида эътибор қаратилиб, аҳолининг ижтимоий фаровонлигини ошириш бўйича манзилли вазифалар белгиланган.

Хўш, айни вазифалар жойларда қандай амалга оширилмоқда? Хусусан, аҳолини камбағалликдан чиқариш чора-тадбирлари самара беряптими? Қўшработ тумани мисолида буни ўрганишга ҳаракат қилдик.

Туманда 45 та маҳалла бўлиб, улардаги 29 минг 644 оилада 141 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Бугунги кунда 1583 та оила камбағаллик реестрига киритилган. Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган 530 та оилага вилоят ва туман даражасидаги давлат идоралари 147 нафар раҳбарлари, тадбиркорлар бириктирилган. Туман камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимидан олинган маълумотга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида бу оила аъзоларининг 280 нафари иш билан таъминланиб, 105 нафари тадбиркорликка жалб қилинган. Яна 129 оилага “Ҳар бир оила - тадбиркор” дастури доирасида имтиёзли кредитлар ажратилиб, ўзини ўзи банд қилишига эришилган.

— “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури ижроси доиласида туманимиздан оғир тоифадаги 10 та маҳалла танлаб олиниб, уларнинг инфратузилмасини яхшилаш бўйича манзилли дастур ҳам ишлаб чиқилди, - дейди бўлимнинг камбағалликни қисқартириш бўйича бош мутахассиси Ўткир Абдусаматов. – Айни мақсадга бюджетдан 3 миллиард 422 миллион сўм маблағ ажратилди. Хусусан, Пичот маҳалласида аҳоли томорқасидан самарали фойдаланишни ташкил этиш учун 3 километр ариқни бетонлаш режалаштирилган. Қолган маҳаллалар оқар сув манбасидан йироқда жойлашганлиги учун ҳудудида артезиан қудуқлар ковланади. Шунингдек, 33 та трансформатор, 65 километрдан ортиқ электр тармоғини таъмирлаш, 23 километр ички йўлларни асфальт қилиш, 5 километр пиёдалар йўлагини ташкил этиш кўзда тутилган. Барча йўналишлар бўйича ишлар бошланган.

Инфратузилма яхшиланса, шароит бўлса, албатта одамлар кўпроқ даромад қилиш имкониятига эга бўлади. Лекин ҳамма ҳам бу имкониятдан тўғри фойдалана оляптими? Айтайлик, кредит бериш орқали камбағалларни янада оғир вазиятга тушириб қўймаяпмизми? Туманнинг оғир тоифасидаги ҳудуди ҳисобланган Пичот маҳалласида бўлиб, масаланинг айни жиҳатларини ўргандик.

— Ўтган йили маҳалламизнинг 122 та оиласи реестрда турган бўлса, бу йил уларнинг сони 62 тани ташкил қилмоқда, - дейди маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Акмал Маматов. - Реестрдан чиққанларнинг асосий қисми кредит олиш ҳисобига доимий даромад манбаига эга бўлди. Кимдир тадбиркор бўлди, бошқалари ўзини ўзи банд қилди. Тўғри, кредит олиб, уни қайтара олмаётганлар ҳам йўқ эмас. Лекин ўрганишлар уларнинг ўзи меҳнат қилишни истамаслиги, боқимандалик кайфиятига берилганини кўрсатмоқда. Тажрибамдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, аниқ режа билан кредит олганлар қийин вазиятда қолмайди.

Маҳалла туман марказидан олисда эмас, 3 километр масофада жойлашган. Аҳолининг асосий даромади чорвачилик ва деҳқончиликдан. Ҳоким ёрдамчисининг айтишича, ўтган йилларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда маҳалланинг кредит олмаган фуқаролари деярли қолмаган. Кимдир деҳқончилик қилиш учун артезиан қаздириш учун, бошқаси иссиқхона қуриш, яна кимдир қорамол ёки қўй олиш мақсадида 5 миллиондан 33 миллион сўмгача кредит олган. Шу билан ҳар бир оила даромад ёки қўшимча даромад манбаига эга бўлиб, аста-секин яшаш шароитини яхшилаб бормоқда.

— Асосий даромадим деҳқончилик ва чорвачиликдан эди, - дейди Рустам Холбеков. – Ҳоким ёрдамчисининг маслаҳати билан 33 миллион сўм кредит олиб, лимонаримга сарфладим. Натижада бўш турган бир сотих ердан йилига 15-20 миллион сўм қўшимча даромад пайдо бўлди. Бу йил яна 33 миллион сўм кредит олиб, янги, каттароқ иссиқхона қуришга сарфладим. Лимончиликни янада кенгайтиришни режалаштиряпман.

Шу маҳалладаги Ирода Омонова эса бор-йўғи 5 миллион сўм кредит олиб, турли пишириқлар тайёрлашни йўлга қўйган. Яқингача ишсиз ва даромадсиз бўлган оддий уй бекаси шу маблағ билан тадбиркорга айланди. Ҳозир у ўз маҳалласи ва қўшни маҳаллалардаги дўконларга пишириқлар етказиб бериб, яхшигина даромад қилади. У ҳам фаолиятини кенгайтириш ва қўшимча иш ўринлари очишни мақсад қилгани ва яна кредит олиш ниятида эканини маълум қилди.

— Фуқарога кредит беришдан олдин унинг кредит тарихи ўрганилади, олинадиган маблағни мақсадли йўналтириш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилади, - дейди маҳалладаги банк ходими Миршароф Тоиров. – Биз ўз навбатида бу лойиҳаларнинг тўғри ишлашини назорат қилиб, фуқароларга назарий ва амалий кўмак берамиз. Улар маҳсулот ишлаб чиқарса, харидор топишда ҳам ёрдам берамиз. Айтмоқчиманки, кредит барчага ажратилавермайди ва уни олганлар фойда қилиши ва камбағалликдан чиқиши таъминланади. Агар тескариси бўлса, яъни кредит олган оила уни тўлай олмаса, бу маҳалланинг рейтингида ва албатта, бизнинг иш самарадорлиги кўрсаткичимизга салбий таъсир кўрсатади.

Тўғри, кейинги вақтда аҳолининг банк кредитларига эҳтиёжи кўпайди. Бу восита камбағалликни қисқартиришда ҳам кенг қўлланилмоқда. Лекин одамнинг ўзида ҳаракат бўлмаса, кредит вазиятни янада ёмонлаштириши турган гап. Тескариси бўлса, бу яхши ҳаёт учун имконият. Шу маънода камбағалликдан чиқиш масаласи ҳам кўпроқ фуқаронинг ўзига боғлиқ бўлмоқда. Назаримизда имкониятлар етарли, одамлардан эса фақат интилиш ва ҳаракат керак.

Асқар Баротов.