“Sof Expo Samarkand” кўргазмалар мажмуасида ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси ва саноатчилар форуми иш бошлади

Кўргазманинг очилишида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи А.Бобоев иштирок этиб, навбатдаги ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси вилоятимизнинг маҳаллий саноати салоҳиятини кўрсатиш, хорижий ва маҳаллий инвесторлар билан ҳамкорлик келишувлари тузиш, корхоналар ўртасида кооперация алоқаларини кенгайтириш ва маҳаллийлаштирилган маҳсулотларни кўпайтиришга, корхоналаримизда янги иш ўринлари яратишга хизмат қилишини таъкидлади.
Ярмарка давомида 2024 йил якуни бўйича "Саноат корпорацияси соҳасида йилнинг энг намунали корхонаси'', "Маҳаллийлаштириш дастурининг энг намунали корхонаси", "Саноат соҳасида энг намунали экспортёр корхона", "Йилнинг энг намунали бренди" номинациялари ғолиблари тақдирланди.
Кўргазмада 70 дан ортиқ корхонанинг 2 мингдан зиёд маҳсулотлари, жумладан, туризм, электротехника, автомобилсозлик, қурилиш материаллари, чарм-пойабзал саноати, мебелсозлик, озиқ-овқат саноати, гилам маҳсулотлари ва бошқа йўналишларда фаолият юритувчи корхоналар ҳамда олий таълим муассасалари ва ёшларнинг стартап лойиҳалари, намойиш этилмоқда.