Соғлом ҳаёт тозаликдан бошланишини унутмаяпмизми?

Мамлакатимизда кенг қамровли тарзда ўтказилаётган «Долзарб 40 кунлик» ҳамда «Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги» тадбирлари нафақат ҳудудларни ободонлаштириш, балки аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга қаратилган муҳим умумхалқ ҳаракатига айланди.
 
Тозалик инсон саломатлиги, фарзандлар келажаги ҳамда ҳар бир маҳалланинг фаровон ҳаётининг мустаҳкам асосидир. Озода муҳит ҳукм сурган жойда соғлом ҳаёт, файзу барака ва осойишталик қарор топади.
Шу боис маҳаллаларда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва санитария-тозалаш ишларини янада кучайтириш, ҳар бир кўча, хонадон ҳамда жамоат жойларини намунавий ҳолатга келтириш бугунги куннинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.

Жойларда маиший чиқиндиларнинг ўз вақтида олиб чиқилмаслик, ариқ ва зовурларнинг мунтазам тозаланмаслик, санитария талабларига амал қилинмаслиги турли юқумли касалликлар тарқалиши учун қулай шароит яратади. Бу эса ўткир ичак инфекциялари, вирусли гепатит «А», паразитар ҳамда санитария ҳолати билан боғлиқ бошқа касалликлар хавфини оширади.

Шунинг учун ҳар бир фуқаро ўз хонадони ва унга туташ ҳудудларни доимо озода сақлаши, маиший чиқиндиларни фақат белгиланган жойларга ташлаши, ариқ ва зовурларни мунтазам тозалаб туриши, дарахт ва гул кўчатлари экиб, уларни парваришлаши, шунингдек маҳаллаларда ўтказилаётган ободонлаштириш ишларида фаол иштирок этиши муҳим аҳамиятга эга.

Яшаб турган маҳаллаларимиз ободлиги ва халқимиз саломатлиги ҳар биримизнинг масъулиятимизга боғлиқ. Бугун қилинган ҳар бир эзгу амал эртанги соғлом авлод, мусаффо атроф-муҳит ва фаровон келажак учун хизмат қилади.
Келинг, “Долзарб 40 кунлик” ҳамда “Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги” тадбирларида фаол иштирок этайлик. Зеро, тозалик — соғлиқ гарови, обод маҳалла эса юрт тараққиёти, халқ фаровонлиги ва келажак авлод бахтининг мустаҳкам пойдеворидир.

Латиф Рустамов,
“Санэпидқўмита” вилоят бошқармаси бошлиғи.