Соғлом рақобат муҳити яратилади ёки хусусий уй-жой мулкдор ширкатлари 515,8 миллион сўм нореал қарздорлик ёзган
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама фаолоятини тартибга солиш йўналишида ўтган уч ойда 2697 та мурожаат келиб тушган. Шундан 2460 таси уй-жой ва коммунал, 126 таси савдо ва умумий овқатланиш, 69 таси алоқа ва ижтимоий хизматлар, 42 таси реклама ва бошқа соҳаларни ташкил этади.
Олиб борилган ишлар натижасида истеъмолчи фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинган 1 миллиард 885,1 миллион сўм маблағ ундириб берилди.
Ўрганиш даврида бошқарув сервис компаниялари ва хусусий уй-жой мулкдор ширкатлар томонидан 6845 истеъмолчига 515,8 миллион сўмлик маблағ истеъмолчилар билан қайта ҳисоб-китоб қилиниб, нореал қарздорлик истеъмолчилар ҳисобидан чиқарилди.
“FAIR TECh” ягона ахборот тизимига келиб тушган мурожаатлар асосида 62 та дорихонада устамалар ортиқча қўлланилгани ўрганилиб, таҳлил қилинди. Шундан 27 тасида 769,1 миллион сўм ортиқча маблағ пул олингани аниқланиб, 308,7 миллион сўми истеъмолчиларга қайтарилди. 360,4 миллион сўм истеъмолчини аниқлаш имкони бўлмагани учун бюджетга ундирилди.
Рекламаларни жойлаштирилиши ва тарқатилиши бўйича амалга оширилган ўрганиш (мониторинг)ларда қонун ҳамда қарор талабларига мос келмайдиган 1176 ҳолат аниқланган. Амалга оширилган ишлар натижасида 1130 та камчилик жойида бартараф этилган, 41 ҳолатда камчилик муддатида бартараф этилмаганлиги сабабли реклама эгаларига нисбатан 797 миллион сўм молиявий санкциялар қўлланилди.
Ўтган уч ой давомида ўзганинг товар белгисидан ва унга ўхшаш бўлган товар белгиларидан эгасининг розилигисиз фойдаланиш билан боғлиқ 3 та мурожаат ўрганилган. Ушбу мурожаатларни ўрганиш натижасида инсофсиз рақобатга йўл қўйган корхоналарга нисбатан тегишли чоралар кўрилди.
Шунингдек, 424 та танлов савдолари ўрганилиб, 416 тасида 426 та камчилик аниқланди. Шундан 7 ҳолатда иштирокчилар ўртасида аффилланганлик, 3 тасида буюртмачи ва иштирокчилар ўртасида аффилланганлик, 416 тасида савдо ўтказишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибини бузиш аниқланди.
Қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган корхоналарга давлат харидларини амалга ошириш жараёнида “Рақобат тўғрисида”ги қонун талаблари бузилишини бартараф этиш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Ҳудудий бошқарма томонидан вилоятда соғлом рақобат муҳити яратишни таъминлаш ҳамда рақобатни ривожлантириш бўйича тегишли ишлар давом эттирилади.
Азамат Ҳамроқулов,
вилоят рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳудудий бошқармаси бўлим бошлиғи.