“Соҳил бўйлаб чопаётган олапар”

Асар театр тарихида иккинчи бор режиссёр Тожибой Исроилов бадиий раҳбарлигида, режиссёр Ҳасан Бурхонов, рассом Баҳром Сафоевлар томонидан саҳналаштирилди. Бош ролларни истеъдодли актёрлар Жўрабек Ёрқулов, Фарид Расулов, Сардор Нозимов ва Элбек Бойматов ижро этган. Ушбу психологик драма қалб туғёнларингизни уйғотиб, инсоннинг табиат олдидаги бурч ва вазифаларини ёдга солади.

Инсоннинг табиат олдидаги жавобгарлиги

Спектакль рутубатли тун қўйнида ястаниб ётган денгиз соҳиллари бўйида турган қайиқ, унинг атрофида ҳаяжон билан тунни ўтказаётган бола кўриниши билан бошланади. Бола тунда денгиз  соҳилида, якка ўзи нима қилаётгани томошабинда савол уйғотиши табиий. Ушбу саволга саҳна ортида янграган овоз жавоб берди. Кириск илк бор денгиз овига жўнаш арафасида бўлгани учун ўзини қўярга жой тополмаяпти. Ов муваффақиятли бўлса, қишлоқда унинг обрўси ошади, у овчи сифатида эътироф этилади. Шу хаёллар билан кўзи уйқуга кетди.

Тонг маҳал умрини денгиз саёҳатига бағишлаган Ўрхун бобо ўзи ясаган қайиқ ёнига келиб, у билан суҳбатлашади. Бобо ҳам ҳаяжонда. У илк бор денгиз сафарига отланмаётган бўлса-да, ўзи учун қадрли қайиғи билан бирга овга чиқмоқда. Саҳнага бирин-кетин боланинг отаси Эмрайин ва тоғаси Милхун чиқиб келади. Эмрайин жиддий қиёфада, қишлоқда ўзининг ҳурматига эга овчи. Милхун эса билаги кучга тўла, жасоратли овчи. Режиссёр актёрларни танлаш жараёнида уларнинг ташқи қиёфасини ҳам эътиборга олган. Ушбу хислатлар актёрларда ўз аксини топган.

Шовқиндан бола уйғониб, атрофдаги яқинларини кўриб, сафарга отланишаётганини билади. Саҳна ортида уларни кузатиб қолган Олапар қояга таъриф берилади: «Денгизнинг худди ўша қисмида, Олапар қўлтиғига яқин ерда денгиз томон ярим орол шаклида қиялаб туртиб чиққан тепалик - қоя бўлиб, у олисдан қараганда ҳақиқатдан ҳам соҳил бўйлаб чопиб бораётган каттакон олапар итни эслатарди. Денгизчиларни ҳар сафар мана шу Олапар қоя сафарга жўнатади ва қарши олади». Шу ўринда саҳнада қоянинг тасвирланмагани, томошабинда мавҳумлик уйғотади. Қисман бўлса-да, ушбу қояга урғу берилиши лозим эди.

Жараёнлар тўрт киши иштирокида, битта саҳна кўринишида кечади. Қиссанинг барча воқеалари денгизда сузаётган қайиқда тасвирланиб, бу томошабинни денгиз билан ҳамоҳанг яшашга ундайди. Актёрлар руҳий кечинмалари томошабин қалбига денгиз тўлқинлари орқали кириб боради.

Эшкакчилар жўшқинлик билан эшкак эшар, Ўрхун бобо Она балиқ ҳақида қўшиқ куйлар, бола денгиз таассуротлари билан ҳаяжон ичида борарди.

Бу ҳолат уларни қуёшни булут қоплаб, атроф қалин туман билан қоплангунча тарк этмайди. Гўё табиат инсондан ўч олгандек. Табиатга етказган озорлари учун жавоб бергандек. Бу ҳодиса денгизчилар учун хавф келтириши, актёрларнинг руҳий кечинмаларидан, хавотиридан яққол кўриб турибди. Шу пайт довул бошланади. Саҳнага қоронғулик остида қолиб, довул овози эшитилади ҳамда туман ҳар тарафга тарқалади. Овозлар, ёритиш тизими барчаси худди денгизда довулга дуч келгандек, таассурот уйғотади. Бу саҳналаштирувчи рассомнинг декорациялар билан муваффақиятли ишлагани маҳсули.

Довул тинди. Аммо атрофни туман тарк этмайди.  Ўрхун бобо денгизни туман қопласа, 10 кунлардан ортиқ тарқамаслигини яхши билади. Оби ҳаёт ҳисобланган сув эса тўрт киши учун икки-уч кунга етарди, холос. Бирин-кетин овчилар ўзларини денгиз қаърига ташлаб, кичик Кирискнинг ҳаётини сақлаб қоладилар. Соҳилга ёлғиз қайтган Кирискни Олапар қоя кутиб олади. Яна бир янги кунда саҳнада  денгиз узра Ўрхон шамоли шовуллар, Милхун тўлқинлари сузиб, Эмрайин юлдузлари чарақлаб турарди…

Асарда ёш авлодга ғамхўрлик, табиатга инсонларнинг муносабатини яхшилаш каби ғоялар илгари сурилган. Асар психолик драма бўлгани учун ҳар бир актёр ўз кечинмаларини хатти-ҳаракатларида баён этди. Томошабинни кулдиради, йиғлатади ва ҳаёжонга солади.

Жамоатчилик кўригида маъқулланди

Спектакль драматург ва ёзувчи Маҳмуд Комилжонов, режиссёр Жўра Маҳмудов, Маданият вазирлигининг репертуар – таҳририят шўъбаси мудири Ҳайитмат Расулов ва вилоятимизнинг маданият ва санъат ходимлари иштирокида муҳокама этилди. Унда спектаклдаги камчилик ва ютуқлар тилга олинди.

- Асар инсоннинг руҳий ҳолатини акс эттиради, - дейди режиссёр Жўра Маҳмудов. – Унда инсон ва табиат ўртасидаги мувозанатнинг бузилиши, уни бузган шахсларнинг она табиат олдидаги жавобгарлиги ҳикоя қилинган. Образларда кучли ички кечинмалар бор. Актёрларда ҳис-ҳаяжон етишмади ва бу кечинмаларни юзага чиқара олишмади Чанқаган инсон чанқоғини қондиргандаги ҳолатлар, денгиздаги туманда иложсиз қолган инсон тақдири томошабинларга шундай етказилиши керакки, сезгир томошабин қаҳрамон нима демоқчилигини илғаб олиши лозим.

Чингиз Айтматов буюк адиб. Унинг асарини мукаммал, маромига етказиб талқин қилиш жуда катта куч ва қувват талаб этади. Жамоатчилик аъзолари спектаклдаги камчиликларни тузатиб, асарни намойиш этишга келишиб олишди.

Насиба ЖОНТЎРАЕВА.