Солиқчи тадбиркорга кредит олиб бероладими?

Кейинги вақтларда “Солиқчи — тадбиркорга кўмакчи” тамойили асосида ишбилармонга кредит олишда кўмак берилди, деган хабарларни кўп ўқияпмиз.

Аммо тадбиркорнинг тижорат банкидан кредит олишини солиқчининг хизмати, дейиш тўғрими? Умуман, солиқ идораси тадбиркорга кредит ажратилишида қандай кўмак бериши мумкин?

Саволга Самарқанд шаҳар ДСИ “Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш”
шўбаси бошлиғи Б.Аҳмедов қуйидагича жавоб беради:

- Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 2020 йил 8 июль куни кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор йиғилиши баёнига асосан солиқ идораларида “Солиқчи — тадбиркорга кўмакчи” тизими жорий қилинган.

У асосида мутахассисларимиз, энг аввало, янги иш бошлаган тадбиркорнинг фаолият йўналишига қараб, қулай солиқ режимини танлаб беради.

Шундан кейин, бизнес субъектининг “яшаб кетиши”, фаолият кўрсатмаётганларининг фаолиятини тиклаш, бухгалтериясини юритиш, ҳисоботларни тўлдириш ва топшириш, хуллас, муаммоларини ҳал этишда кўмак берилади.

Шуни таъкидлаш лозимки, эндиликда солиқ идораларининг фаолияти қанча қонун бузилиши ҳолати аниқлангани ёки қўшимча солиқ ҳисоблангани билан эмас, балки солиқ қонунчилигини бузиш ҳолати қанчага камайгани, тадбиркорларни ортиқча харажатлардан сақлаб қолишга қанча ҳисса қўшилгани билан баҳоланади.

Жумладан, хўжалик юритувчи субъектлар тижорат банкидан кредит олишда муаммога дуч келса, солиқ идораси томонидан тегишли банк раҳбариятига тадбиркорга фаолиятини кенгайтириш учун зарур бўлган кредит маблағини ажратиш юзасидан амалий ёрдам сўраб мурожаат қилинади.