Солиққа оид қоидабузарликни хабар қилганга 20 фоиз мукофот берилади
Жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида фуқаролар бир қатор ҳуқуқбузарликлар тўғрисида давлат органларига хабар бергани учун қонунчиликда мукофот пули тўлаш назарда тутилган.
Мазкур тартиб-таомилларнинг айримлари билан қуйида танишиш мумкин:
Йўл ҳаракати қоидалари бузилишига оид ҳуқуқбузарликлар
Йўл ҳаракати қоидаларига оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ejarima портали орқали хабар берилади ва хабар берган шахсга базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 фоизи миқдорида мукофот берилади.
Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, ҳуқуқбузарлик ҳолатлари акс эттирилган видеоёзувларни юборган шахслар ҳуқуқбузардан ундирилган жарима ҳисобидан пул мукофоти билан рағбатлантирилади.
Ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги видеоёзувларни тақдим этган шахслар тўғрисидаги маълумотларнинг ошкор этилишига йўл қўйилмайди.
Ёдда тутинг: жисмоний ва юридик шахсларнинг автотранспорт воситаларига ўрнатилган видеорегистраторлар орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари акс этган видеоёзувлар махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган ҳуқуқбузарликлар ҳолатлари қайд этилган видеоёзувларга тенглаштирилади ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
Дарахт ва буталарни ноқонуний кесиш ва шикастлашга оид ҳуқуқбузарликлар
Дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва ниҳолларни ноқонуний кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтқазиш бўйича ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги фотосурат ва видеоёзувлар "Эконазорат" порталига юборилганида базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари миқдорида мукофот берилади.
Бунда, ҳуқуқбузарлик тегишли органлар томонидан бевосита аниқлангандан сўнг келиб тушган хабарлар бўйича рағбатлантириш амалга оширилмайди.
Бундан ташқари, ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги хабарлар «102» тезкор қисқа рақами ёки «Эконазорат» ахборот тизими орқали қабул қилиниши белгиланган.
Коррупцияга оид жиноятлар
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик тўғрисида Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига хабар берилади, ҳуқуқбузарлик туридан келиб чиқиб базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 бараваригача мукофот берилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 декабрдаги 829-сон қарорига кўра, коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахслар қуйидаги миқдордаги бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилади:
а) коррупцияга оид маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақида берилган хабар учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида;
б) пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулкнинг қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваригача бўлса:
ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида;
унча оғир бўлмаган жиноят учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг етти баравари миқдорида;
оғир жиноят учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида;
ўта оғир жиноят учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш баравари миқдорида;
в) пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулкнинг қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваридан юз бараваригача бўлса:
ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида;
унча оғир бўлмаган жиноят учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш баравари миқдорида;
оғир жиноят учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида;
ўта оғир жиноят учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш баравари миқдорида;
г) пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулкнинг қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан кўп бўлса, қуйидаги фоиз ҳисобида ҳисобланади:
анча миқдор учун — пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулк қийматининг ўн беш фоизи миқдорида;
кўп ёки жуда кўп миқдор учун — пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулк қийматининг ўн фоизи миқдорида.
Бунда пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулк қийматини фоизларда ҳисоблашда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган миқдорнинг энг кам миқдоридан келиб чиқилади;
д) қидирувда бўлган шахснинг яширинган жойи ҳақида хабар берганлиги учун базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари, икки ёки ундан ортиқ қидирувда бўлган шахсларнинг яширинган жойи ҳақида бир вақтда хабар берганлиги учун эса — базавий ҳисоблаш миқдорининг етти баравари миқдорида.
Чек бермасдан савдо қилишга оид ҳуқуқбузарликлар
Назорат-касса техникасини ва ҳисоб-китоб терминалларини қўллаш тартибини бузганлик, нақд пул маблағлари ёки пластик карточкалар бўйича тўлов шаклига қараб нархларни сунъий равишда оширганлик ёки пасайтирганлик, тадбиркорлик фаолиятини давлат рўйхатидан ўтмасдан амалга оширганлик, шунингдек, идентификация қилиш воситалари билан мажбурий рақамли маркировка қилиш назарда тутилган маҳсулотларда қалбаки маркировка қўлланилганлик ёки маркировка мавжуд эмаслиги тўғрисида солиқ органларига махсус дастур орқали хабар берган жисмоний шахсларга жарима миқдорининг 20 фоизи миқдорида мукофот берилади.
Мукофот маълумот асосида ўтказилган текшириш якунига кўра ҳуқуқбузарлардан ундирилган жарима суммасидан тўланади.
Ушбу ҳуқуқбузарликлар ҳақида «Солиқ» мобил иловаси орқали хабар бериш мумкин.
Ерни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга оид ҳуқуқбузарликлар
Ерни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатлари тўғрисида Кадастр агентлиги ва унинг ҳудудий тузилмаларига маълумот берган шахслар, базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизи миқдорида пул мукофоти билан рағбатлантирилади.
Жамоатчилик назорати субъектлари томонидан махсус ваколатли давлат органига тақдим қилинган ерга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги видеоёзувларда содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳолати, ҳуқуқбузар шахс тўғрисидаги маълумотлар аниқ акс эттирилиши ҳамда қуйидаги талабларга мос бўлиши керак:
видеофайлнинг намойиш этиш имконияти 720х480 пикселдан кам бўлмаслиги;
видеоёзув давомийлиги 30 секунддан кам бўлмаслиги ва 10 дақиқадан ошмаслиги;
видеоёзув маълумотларида сана ва вақт кўрсатилиши.
Рағбатлантириш фуқаронинг уяли телефон рақами ҳисобига ёки банк пластик картасига, юридик шахснинг эса банкдаги ҳисобварағига махсус ваколатли давлат органининг бюджетдан ташқари жамғармаси ҳисобварағига ўтказилган маблағлар ҳисобидан пул ўтказиш йўли билан амалга оширилади.
Ёқубжон Марқаев тайёрлади.
***
Ушбу мақола халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти лойиҳаси асосида тайёрланди.