Сўровнома натижаси: 23 фоиз иштирокчилар уйини иситишда қийналаётганини маълум қилди
Олдинроқ каналимизда “Уйингизни нима билан иситяпсиз?” саволи билан сўровнома ўтказилган эди.
Иштирокчиларнинг 37 фоизи мазкур сўровномада уйини табиий газ билан иситишини маълум қилган. 17 фоиз респондентлар "Электр жиҳозлари билан", деган жавобни белгилаган бўлса, 4 фоиз қатнашчилар кўмирдан фойдаланаётгани, 19 фоиз иштирокчилар ўтин ишлатаётганини маълум қилган.
Шунингдек, сўровномада қатнашганларнинг 23 фоизи “Уйни топган нарсам билан иситяпман аммо оғир бўляпти” деган жавобни танлаган.
Бундан шундай хулоса чиқадики, айни вақтда вилоятда аҳолининг учдан бир қисми табиий газ орқали уйини исита оляпти. Электр таъминотида юзага келадиган узилишлар эса аҳолининг 17 фоизини совуқда қолдириши мумкин.
Сўровнома жараёнида кўплаб ўқувчиларимиз ўз изоҳларини ҳам ёзиб юборишган. Уларда ҳам газ, электр энергияси муаммолари тилга олинган бўлса айрим изоҳларда 1154 қисқа рақами ишламаётгани ёки тушиб бўлмаётгани айтилган. Шунингдек, суюлтирилган газ етказиб беришда ҳам муаммолар бўлаётган айтиб ўтилган.
Мазкур муаммолар ортидан кеча, 11 декабрь куни Президент админстрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов иштирокида мазкур масалаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилиш кескин танқидий руҳда ўтиб, аҳолини табиий газ ва электр энергияси билан таъминлашда қонунбузилишга ҳамда масъулиятсизликка йўл қўйган соҳа раҳбарларидан айримларига нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ва қамоққа олингани маълум қилинди.