Совуқ ҳавога қарши чоралар кўриб қўйил(ма)ганмиди?
Бу йил қиш қишлигини қилмади, ҳисоб. Шу пайтгача деярли қаттиқ совуқ бўлгани йўқ. Бироқ баҳор келишига икки ҳафта қолганида ёққан қор кўпчиликни эсанкиратиб қўйди. Айниқса, коммунал хизмат соҳаси вакиллари шошиб қолди.
Чунки совуқ ҳаво, ёмғир ва қор уларнинг бир йиллик меҳнатига баҳо беради. Мана, 3 кундирки, қор ёғиб, қаттиқ совуқ бўлаётганлиги сабаб вилоятимизнинг деярли барча шаҳар ва туманларида электр энергиясидаги узилишлар ва табиий газнинг босими пасайиб, аҳолининг қийнаб қўймоқда.
Хўш, вилоятдаги мазкур соҳаларга масъул ташкилотлар бундай вазиятда қандай йўл тутмоқда? Нима учун электр таъминоти ва табиий газ тармоқларида узилишларга дуч келинмоқда? Бу камчиликларни бартараф этиш учун қандай чоралар кўриляпти?
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Самарқанд ҳудудий филиалидан олинган маълумотларга қараганда, айни вақтда вилоятдаги 142 та нимстанциялар ишлаб турибди. Юқори кучланишли ҳаво тармоқларида авария ҳолатлари бўлмаган.
- Бироқ юртимизда ҳаво ҳароратининг кескин совиши оқибатида электр энергиясига бўлган талаб ортиб, юкламалар ҳосил бўляпти, - дейди ҳудудий филиал директори Умид Назаров. - Натижада паст кучланишли электр узатиш тармоқларида узилишлар келиб чиқмоқда. Шунингдек, таянч устунларида музламаларнинг ҳосил бўлиши авария бригадаларимизга юзага келган носозликларни бартараф этишда қийинчилик туғдирмоқда. Нима бўлганда ҳам бу бизнинг вазифамиз. Ноқулай об-ҳаво шароитига қарамай, ҳудудлардаги 0,4 кВ электр узатиш тармоқларида кузатилган нуқсонларни бартараф этиш ишлари олиб борилиб, ҳудудларда босқичма-босқич электр энергияси таъминоти тикланмоқда. Айни дамда вилоят бўйича 84 та аварияларни бартараф қилиш бригадаларида 542 нафар ишчи-мутахассис меҳнат қилмоқда. Уларга 50 га яқин махсус техника ва машиналар бириктирилган.
Шу кеча-кундузда Самарқанд шаҳридаги Анҳор маҳалласида трансформатор пунктларидаги носозлик оқибатида 20 га яқин хонадонда электр таъминотида узилишлар кузатилмоқда. Сартепа массивининг Заргартепа, Ботир Зокиров номли маҳаллаларида, ўнлаб ижтимоий соҳа объектлари бир сутка давомида электр энергиясиз қолди.
Ҳудудларда кучли шамол сабабли айрим электр тармоқларида носозлик юзага келиши оқибатида Самарқанд, Паст Дарғом, Булунғур, Жомбой, Тойлоқ ва Пайариқ туманларида яшовчи 35 мингдан ортиқ истеъмолчи электр таъминотидан узилиб қолган.
Тойлоқ туманидаги айрим маҳалла ва қишлоқларда яшовчи фуқаролар, жумладан, туман марказидаги кўп қаватли уй эгалари 3 кундан буён “свет” ўчиб, ичимлик суви келмаётганлигидан шикоят қилмоқда.
- Шу пайтгача барча камчиликларни бартараф этиб қўйганмиз, деб келган туман электр тармоқлари корхонаси раҳбарлари ҳатто қўнғироқларимизни ҳам кўтармай қўйишди, - дейди тойлоқлик Толиб ака. – Уйларимиз совуқ, на иссиқ, на совуқ сув бор. Электр бўлганда ҳам печка ўрнатиб иситиш мумкин. Лекин у ҳам бўлмагач, нима қилиш керак? Биз катталар чидаймиз, лекин набираларимиз-чи? Юқори қаватда яшовчиларнинг азобини айтмайсизми, электр бўлмагач, лифтлар ҳам ишламайди.
Куз-қиш мавсумига тайёргарлик пайтида шу ҳудудларда электр линиялари мавсумга кўнгилдагидек тайёргарлик кўрилмаганлиги билиниб қолмоқда.
Шунингдек, ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши муносабати билан табиий ва суюлтирилган газ истеъмолининг ортиши кузатилмоқда. Айрим жойларда, жумладан, Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарларида, Пайариқ, Иштихон, Самарқанд, Паст Дарғом туманларида истеъмол ортгани сабабли газ босими пасайган. “Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти корхонасидан олинган маълумотларга кўра, мурожаатлар асосида ўрганилиб, газ босимини меъёрлаштириш жараёнлари олиб борилмоқда.
Магистраль газ қувурларида босимнинг камайиши сабабли вилоятдаги барча автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (АГТКШ)га қисқа муддатли чекловлар киритилган. Бензин «заправка»ларга автобензин маҳсулотлари қўшимча миқдорда етказиб берилмоқда.
Вилоят гидрометеорология бошқармаси мутахассисларининг таъкидлашича, совуқ шу ҳафта охиригача давом этади. Дастлабки уч кун келтирган ташвиш ҳаммани безовта қилган бўлса, қолган кунлардаги совуқ ҳаво кўпчиликни қийнаши тайин. Бу ҳолатда аҳолини элект, газ, иссиқлик билан таъминлаш шаҳар ва туманлардаги мутасадди ташкилотлар раҳбар ва мутахассисларининг вазифаларини нечоғли бажаришларига боғлиқ.
Дилмурод Тўхтаев.