Ургутдаги ёқилғи қуйиш шохобчаларининг барчасига қуёш панеллари ўрнатилди
Ургут вилоятимизда аҳоли сони бўйича энг катта туманлардан бири. Қолаверса, туман ҳудудида вилоят ва республика миқёсидаги энг йирик ишлаб чиқариш корхоналари фаолият юритади. Бундай йирик истеъмолчиларни электр энергияси билан таъминлаш мақсадида муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш йўлга қўйилган. Бу ҳақда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Самарқанд ҳудудий филиали томонидан Ургут туман электр тармоқлари бўлимига ташкил этилган пресс турда маълумот берилди.
- Корхоналарнинг кўпайиши баробарида кун сайин электр энергияга талаб ортади, - дейди энергия сотиш бўлими раҳбари Шавкат Турсунқулов. – Эндиликда тумандаги йирик ишлаб чиқариш корхоналари муқобил энергия манбаларидан фойдалана бошлади. 80 нафар аҳоли ўз уйларига қуёш панеллари ўрнатди. Тумандаги автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари ҳам муқобил энергия манбаларидан фойдаланмоқда. Хусусан, “Камалак” масъулияти чекланган жамияти 150 киловат кучланишга эга қуёш панелини ўрнатаётган бўлса, “Sam Ferre” ишлаб чиқариш корхонаси 1 мегаватга тенг келадиган қуёш панели олиб келиб ўрнатяпти.
Бу йўналишдаги ишларимизни давом эттириб, кейинги навбатда овқатланиш шохобчалари ва дам олиш масканларида ҳам қуёш панелларини ўрнатиш ишларини бошлаганмиз.
Бугунги кунда туманда 74 минг нафар истеъмолчи бўлиб, уларнинг 67 мингтаси аҳоли, 3 минг 600 га яқини юридик ташкилотлар. Улардан 63 мингдан ортиғига АСКУЭ электр ҳисоблагичлар ўрнатилган бўлиб, қолган 7 минг нафарига ҳам янги ҳисоблагичлар ўрнатиляти.
- Жорий йил аҳолини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида ҳудудларда 8 та трансформатор пункти ва 624 та темир бетон устунлари ўрнатилиб, 22,35 километр электр узатиш тармоғи тортилди, - дейди туман электр таъминоти бўлими раҳбари Ойбек Холиқов. - Хусусан, туманнинг Чоштепа, Мингтепа маҳаллаларида янги тармоқ қуриш ишлари бажарилди. Куз-қиш мавсуми олдидан 225 та трансформатор пунктлари мукаммал ва жорий таъмирланди. “Ургут-2” нимстансиясига шу кунгача ишлатилаётган 25 минг кВАлик трансформатор ўрнига 40 минг кВАлик трансформатор ўрнатяпмиз ва бу билан энергия миқдори кўпайишига эришамиз.