Булунғурда свет ўчмаяптими?
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Самарқанд ҳудудий филиали томонидан ОАВ ходимлари учун “Булунғур электр тармоқлари” корхонасига пресс-тур ташкил этилди.
Дастлаб туман электр таъминоти корхонаси раҳбари Икром Муродов журналистларга яқинда кучли шамол таъсирида ҳудуддаги 50 та фидердан 4 тасида узилиш кузатилгани ва носозликлар қисқа вақтда бартараф этилиб, истеъмолчиларнинг электр таъминоти қайта тикланганини билдирди.
Шундан сўнг аҳолига электр энергияси етказиб бериш ва мавсум олдидан кўрилган тайёргарлик ишлари билан танишдик. Хусусан, туман электр таъминотида 6 дона подстанция бўлиб, 39 мингдан зиёд истеъмолчига электр энергияси етказиб берилмоқда.
- Туманда электр энергияси билан боғлиқ авария ҳолатларини бартараф этиш учун 1 та тезкор бригада ва 3 та устачилик бўлими ташкил этилган, - дейди И.Муродов. – Электр таъминотини яхшилаш ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш мақсадида 66 дона трансформатор пункти ва ҳаво электр узатиш тармоғининг 157,6 километри мукаммал таъмирланди. 882 дона темир бетон устун, 11 дона трансформатор пункти ўрнатилиб, 37,4 километр ҳаво электр узатиш тармоғи тортилди.
Режа бўйича жорий йилнинг 1 мартига қадар қўшимча яна битта трансформатор пункти ва 2,6 километр электр узатиш тармоғини таъмирлаш режалаштирилган.
Айтиш жоизки, ўтган йилнинг шу даврида туман аҳолисининг электр энергиясидан 46 миллиард сўмдан зиёд қарздорлиги бор эди. Тегишли мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида 16 миллиард сўм қарздорлик ундирилди. Айни пайтда қолган 30 миллиард сўм қарздорликни ҳам ундириш чоралари кўрилмоқда.
Пресс-тур давомида мавсумолди тадбирлар режасига мувофиқ, Оқтош, Эрганакли, Гулзор, Ғўбдин, Авлиё Парпи, Бешкуви ва Амир Темур маҳаллаларида темир-бетон устунлар ўрнатиш, электр тармоқлари тортиш, трансформатор пунктларини таъмирлаш ва янгилаш ишлари амалга оширилганига гувоҳ бўлдик.
Масалан, Оқтош маҳалласига 93 та темир-бетон устун ўрнатилиб, 4 километр электр узатиш тармоғи тортилган.
- Симёғоч ва тармоқлар яроқсизлигидан электр кўп ўчиб, чироқлар ҳам заиф ёнарди, - дейди Амир Темур маҳалласида яшовчи Раҳмат Қурбонов. – Янги трансформатор ва 40 та бетон-устун ўрнатилиб, 4,3 километр тармоқ тортилгач, бу муаммолар ҳал бўлди, барака топишсин.
Пресс-тур доирасида иштирокчилар «Булунғур» 110/35/10 кВА нимстанцияси ишчи ҳолати билан танишиб, ўзларини қизиқтирган бошқа саволларга жавоб олди.
Фазлиддин Рўзибоев.