Сўзи ва иши бир сахий инсон

Чин устоз, мураббий, зукко олим, садоқатли дўст, юртпарвар инсон номига умрбўйи эга бўлиш  ҳамма зиёлига ҳам насиб қилавермайди. Таниқли олим Муслиҳиддин Муҳиддинов ана шу номга ҳар жиҳатдан муносиб, десак хато қилмаймиз.

Ҳаёт йўлимда кўплаб машҳур ўзбек зиёлилари билан ишлаганман, мулоқотлар қилганман. Бундоқ солиштириб кўрсам, улар ичида юксак инсонийлик мақомига эришган зотлардан бири навоийшунос олим Муслиҳиддин Муҳиддинов экан.

Домла билан улар туғилиб ўсган Ургут туманининг Мерганча қишлоғида илк маротаба танишганман. Бу 1988 йилнинг сўлим баҳор ойлари эди.  Нашриётда бирга ишлайдиган дўстим Абдували Қутбиддин (Аллоҳ раҳматига олсин) таклифига биноан, устозим профессор Нажмиддин Комилов (Аллоҳ раҳматига олсин), шоир Азиз Саид ва камина Саййид авлодлари яшайдиган қишлоққа меҳмонга борган эдик.

Эсимда, дилкаш суҳбат кенг ҳовлининг супасида тонготаргача давом этган. Шаҳарнинг чанг ҳаволаридан сиқилган юракларнинг қулфи дили очилиб кетган эди ўшанда. Кўнгли ва руҳи яқин одамларнинг майин, мазмунли фикрлари поёни йўқдек эди... Оппоқ соқолли Қуддус эшонбобонинг  ўнлаб ғазалларни ёддан билиши, устозимизнинг тасаввуф сир-синоатларидан сўйлаши, Абдували ва Азизнинг румиёна шеърлари  даврага ҳузур бағишлаган. Биз мумтоз ва замонавий адабиёт, тарих, дин, жамият ҳаёти хусусида ширин суҳбат қурдик.

Шу билан бирга, ушбу сулола мақомини икки поғона кўтарган, қатағон йиллари Сталинобод (ҳозирги Душанбе шаҳри) атрофларида жон сақлаган Шайх Қутбиддин эшон Муҳиддиновнинг порлоқ хотирасини ёдга олдик.  Шайх умрининг охирларида Тошкентга қайтиб, 72 ёшларида филология фанлари номзоди илмий даражасини олган ва “Навоий асарлари изоҳли луғати”нинг тузувчиларидан бири бўлган эдилар. Бул зотнинг хизмати шуки, ўзбек элига Нажмиддин Комиловдек буюк олимни етиштириб, тасаввуф оламига олиб кирди.

Ўша оқшом бизни индамайгина кузатиб турган камтар сиймо билан танишдик. Тахминан қирқ беш ёшлардаги, юзидан нур ёғилиб турган бу киши ургутликларнинг фахри бўлган Қуддус эшонбобонинг иниси,  Абдували Қутбиддин эса муборак авлоднинг суюкли невараси эди.

Кейинчалик домла билан яқиндан танишиб, мулоқотлар қилиб, инсонийлик ва олимлик фазилатларига тан бердим, ҳам катта сабоқлар олдим. Домла Самарқанд дорилфунунида дарс берарди. Муслиҳиддин ака 1990 йилларда ҳазрат Алишер Навоийнинг ижодларига оид докторлик ишини ҳимоя қилганидан сўнг, узоқ йиллар проректор лавозимида ишлади. Сўнгги йилларда филология соҳасига доир ихтисослашган илмий кенгашни моҳирона бошқарди.  Юзлаб истеъдодли шогирдларни илм, маърифат йўлига олиб кирар экан, тўғрилик, адолатпешаликдан чекинмади.  Ҳар гал ёши улуғлиги, етмишдан саксонга қараб кетаётганлигини ҳисобга олиб, ушбу жамоат ишини топширишга чоғланар экан, “Домла,  Сиз  кетсангиз,  тарафкашлик ва адолат тарозиси бузилиши мумкин”, дея рад жавобини оларди.

Мен домла сиймосида бугунги замоннинг комил шахсини кўргандай бўламан. Китобларда ёзилганидек, Комил инсон дунёвий ва илоҳий билимларни эгаллаган, қалби покиза зотдир.  Навоий бобомиз таъкидича:

Фонийвашеки, ҳам сўзидур пок, ҳам ўзи

Хуш давлат ул кишигаки, тушгай анинг кўзи.

Қарийб қирқ йиллик танишлигимиз даврида  домланинг феъл-атвори, характери, муомаласи ўзгарганини кўрмадим: ҳамиша босиқ, сокин, хотиржам, одобли, ўта маданиятли. Юзларида исломий нур балқиб туради.

Мен домлани Самарқанд олим-у фузалоларининг пешқадами, халқимизга ибрат қилиб кўрсатишга лойиқ инсон, деб биламан ва ҳурмат қиламан. Шу боис, қадимги пойтахтга ишлашга келган ҳокимлар биринчи навбатда Муслиҳиддин домлани ҳузурига  чақириб, эл-улуснинг характерига хос бўлган баланд-паст жойларини суриштиришади. Билишадики, иймонли, фаросатли, юртига садоқатли бу зот алдамайди ва оқил маслаҳатлар беради.

Ҳа, Муслиҳиддин Муҳиддинов босиб ўтилган шарафли умр йўли давомида Самарқанд вилояти аҳли, хусусан, Самарқанд дорилфунуни ривожи учун катта хизматлар қилди. Албатта, бу хизматлари ҳукуматимиз томонидан муносиб баҳоланиб, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” унвони ва “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан сийланди.

Домла мақтовни унчалик ёқтирмайдилар. Акси бўлганида, домланинг анча-мунча хислатлари ва хизматлари ҳақида яна кўп фикрлар ва далилларни келтиришим мумкин эди. Ҳали устознинг шунча ташкилий ишларидан ортиб, 15 та монография, 10 та дарслик ва ўқув-услубий қўлланмалар, 400 га яқин илмий-назарий мақолалар муаллифи, 20 дан зиёд фан доктори ва номзодларининг илмий раҳбари  эканлиги ҳамда бундай натижага уйқусиз тунлар эвазига эришилгани ҳақида гапириб ўтирмадим. Энг муҳим хулосамиз: фарзанд-у аржумандлари, ҳамкасблари, шогирдлари, ҳатто давримизнинг давлат ва жамоат арбоблари наздида домла сўзи ва иши бир сахий инсон сифатида қадрли ҳисобланади.

Бундай мақомга етишмоқ осонми? Менимча, бу жуда қийин иш. Аввало, бунинг учун тасаввуф ва ҳаётни, жамият, адабиёт, сиёсат, фалсафа илмини, ҳазрат Навоийнинг ижодини пухта билиш, сўфиёна ҳаёт кечириш талаб этилади. Истагимиз шулки, Муслиҳиддин домлага ўхшаган сурати ва сийрати пок сиймолар жамиятимизда кўпайсин.

Бахтиёр ОМОНОВ,

сиёсий фанлар доктори,  профессор.