Спорт федерациялари ўзларини нега реклама қила олишмаяпти?
Очиғи, Ўзбек жанг санъати федерацияси вилоят бўлими уюштирган “Қорбобо совғаси” вилоят очиқ турнирида қатнашгач, шу савол хаёлимга келди.
Дарҳақиқат, вилоятда 30 дан ортиқ спорт тури бўйича федерациялар, уларнинг мураббийлари ва фахрий раиси бор. Кўпчилиги мусобақа ўтказиш, мусобақаларга бориб-келиш учун маблағ етишмаслигидан нолиб юришади. Уларнинг тадбирлари ҳам тор доирада ўтади, биров билиб, биров билмай қолади.
На ташқи рекламада, на телевидение-радиода, на босма нашрлар ва на сайтларда турнирлар, мусобақалар бўйича эълонлар берилади. Бундай тадбирларга жамоатчилик жалб этилмайди.
Ўзбек жанг санъати федерацияси вилоят бўлими уюштирган тадбирга спортчиларнинг ота-оналари, фаол мураббийлар, мактаб директорлари ва ҳатто болалар боғчаси мудиралари ҳам таклиф этилди. Йил давомида жаҳон, Осиё, Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритган спортчилар қаторида фаол мураббийлар ва бошқа ҳомий ташкилот вакиллари ҳам рағбатлантирилди. Намунали чиқишлар, бадиий саҳналар даврага файз бағишлади. Кейин болалар ва ўсмирлар ўртасида “Қорбобо совғаси” вилоят очиқ турнири ўтказилди.
Хуллас, шунақа гаплар. Қани, қайси спорт федерацияси яна шундай тадбир уюштираркан? Бу ҳақда вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғидан изоҳ сўраб қоламиз.
Ф.ИСҲОҚОВ.