Спорт мактабларида қачон тартиб ўрнатилади?
Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ёшлар сиёсатини амалга ошириш ва мувофиқлаштириш департаменти директори Азим Холмаҳматов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳи Самарқанддаги спорт иншоотларининг ҳолати, ётоқхоналар, кутубхона, ўқув хоналари, тиббиёт хоналари, пара-спортчиларга яратилган шароитлар билан танишди.
Ишчи гуруҳ спорт иншоотларидаги ошхона, овқатланиш рационлари, дори-дармон таъминотлари ҳамда ёшлар етакчиларининг фаолиятини ўрганиб, муаммо ва камчиликларни мутахассис ва масъуллар иштирокида батафсил ўрганди. Маълум бўлишича, вилоятда фаолият юритаётган барча спорт мактабларида “ERP спорт” ягона электрон бошқарув тизимига тегишли маълумотлар (спорт гуруҳлари, разрядлар, тоифалар, фаолият юритаётган ходимлар тўғрисидаги маълумотлар) ўз вақтида сифатли ва тўлиқ жойлаштириш ишлари йўлга қўйилмаган. Ургут, Паст Дарғом ва Жомбой туманларидаги спорт мактабларида спорт инвентарларидан фойдаланиш учун тегишли чоралар кўрилмаган ва тиббиёт бўлимларида айрим дори-дармон воситаларининг муддати ўтиб кетган ва яроқсиз ҳолда сақланиб келинмоқда.
Шунингдек, Ургут туманидаги 1-сон спорт мактаби сузиш бассейни, ювиниш ва ҳожатхоналардан самарали фойдаланиш учун зарур шарт-шароитлар яратилмаган. Паст Дарғомдаги 1-сон спорт мактабининг сузиш бассейни, ювиниш ва ҳожатхоналари эса таъмирталаб ҳолатга келиб қолган. Бунинг устига спорт мактабининг туман газ таъминоти бўлимидан 315 миллион сўм қарзи бор.
Жомбой тумани спорт мактабида ноолимпия спорт турларини ривожлантиришга эътибор қаратилган, бироқ олимпия спорт турларини ривожлантириш ва оммалаштириш учун етарли ишлар амалга оширилмаган.
Тойлоқ туманидаги спорт мактаби директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари билан суҳбатлашилганда, у етарли билим ва кўникмага эга эмаслиги, вазифасидан келиб чиқиб, бажарилиши зарур бўлган ҳафталик ва бошқа иш режалари тузмасдан ишлаб келаётганлиги аниқланди. Булунғурда тренер-ўқитувчиларнинг ишга олиш қониқарсиз. Ёшлар сиёсати ва спорт вазирининг буйруғига асосан спорт мактабининг асосий базасида 25 фоиз тренер-ўқитувчи фаолият кўрсатиши керак, аммо туманда бу кўрсаткич 17 фоиздан ошмайди.
Вилоятдаги маҳалла ёшлар етакчилари фаолияти ўрганилганда ёшлар “яшил”, “сариқ” “қизил” тоифаларга ажратилгани, оғир тоифадаги ёшлар билан ишлаш мақсадида туман ва шаҳар масъул раҳбарлари бириктирилгани маълум бўлди. Шунингдек, ёшларнинг муаммолари аниқланиб, уларга амалий ёрдам кўрсатилган, ўрта тоифадаги ишсиз ёшлар билан ишлаш мақсадида бандлик дастурлари ҳам ишлаб чиқилган.
- Марказларга ўқувчи-спортчилар қабул жараёнларини шаффоф ўтказиш учун электрон платформа механизмини ишлаб чиқиш ва имтиҳон жараёнларига вилоятлардан мутахассислар жалб қилиш зарур, - деди А.Холмаҳматов. – Шунингдек, ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги қошида спорт муассасаларини халқаро стандартларга жавоб берадиган ягона спорт инвентарлари ва жиҳозлари билан таъминлайдиган алоҳида таъминотчи ташкилотни ташкил этиш, спорт таълим муассасаларида фаолият кўрсатаётган тиббий бўлим фаолиятини соддалаштириш ва жонлантириш зарур.
Йиғилишда ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигининг вилоят ёшлар сиёсати ва спорт ҳамда ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармалари масъулларига туман (шаҳар), маҳалла тизимидаги масъул ходимларни касбий малакасини доимий ошириб турувчи ўқув-услубий марказ фаолиятини ташкил қилиш, “оғир” тоифадаги ёшлар билан ишлаш, ёшларни расмий секторга ўтказиш бўйича тавсия ва таклифлар ишлаб чиқиш юзасидан топшириқлар берилди.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.