Спорт хабарлари

Миллий кураш

Самарқанд шаҳрида ўсмирлар ўртасида миллий кураш бўйича вилоят биринчилиги бўлиб ўтди.

Президентимизнинг 5 та муҳим ташаббуси ижросини таминлаш мақсадида ташкил этилган беллашувда барча ҳудудидан келган 200 нафардан ортиқ ёш курашчилар ғолиблик учун гиламга чиқди.

Мусобақа якунида умумжамоа ҳисобида Самарқанд шаҳри биринчи, Тойлоқ ҳамда Нуробод туманлари ёш курашчилари иккинчи ва учинчи ўринни эгаллади.

Белбоғли кураш

Пахтачи туманида белбоғли кураш бўйича 2004-2006 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида вилоят очиқ биринчилиги мусобақаси бўлиб ўтди.

Унда самарқандлик курашчилардан ташқари, Навоий, Бухоро вилоятларидан 300 нафарга яқин спортчилар ғолиблик учун гиламда бел олишди.

Якуний натижага кўра, умумжамоа ҳисобида тойлоқликлар биринчи ўринга сазовор бўлди. Иккинчи ўрин мезбон жамоага ва учинчи ўрин Навоий вилояти жамоасига насиб этди.

Бекзод АҲМЕДОВ.

Енгил атлетика

Самарқанд шаҳрида енгил атлетика бўйича 2007-2010 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати ўтказилди.

Унда республикамизнинг барча вилоятларидан 300 нафардан ортиқ спортчилардан иборат 14 та жамоа ғолиблик учун баҳс олиб борди.

Мусобақада умумжамоа ҳисобида Тошкент шаҳри биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ва учинчи ўринларга Фарғона ҳамда Наманган вилояти сопртчилари лойиқ кўрилди.

Ғолиб ва совриндорлар Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда вилоят ҳокимлигининг диплом ҳамда қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.

Комбат айкидо

Самарқанд шаҳрида комбат айкидо бўйича ўсмирлар, ёшлар ва катталар ўртасида вилоят чемпионати бўлиб ўтди.

100 нафардан ортиқ спортчиларни бирлаштирган мусобақа якунида Самарқанд тумани жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ва учинчи ўринларни Самарқанд шаҳри ва Паст Дарғом тумани спортчилари қўлга киритди. Шунингдек, беллашувларда сараланган 14 нафар самарқандликлар шу йилнинг апрель ойида комбат айкидо бўйича Тошкент шаҳрида ўтказиладиган республика чемпионатида иштирок этиш йўлланмасига эга бўлди.

Анъанавий каратэ-до

Самарқанд шаҳридаги спорт якка курашларига ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабида анаъанавий каратэ-до бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасида шу йилнинг 24 мартида Тошкент шаҳрида бўладиган “Ўзбекистон чемпионати”га саралаш мусобақаси ўтказилди.

Ташкил этилган беллашувда юз нафардан ортиқ самарқандликлар орасидан 42 нафари саралаб олинди. Уларнинг кўпчилигини Самарқанд шаҳри ва Тойлоқ тумани спорт мактаб-интернатлари тарбияланувчилари ташкил этади.

Вин Чун - кучни тўғри бошқариш санъати

Шарқ қўл жанги турлари қадимдан алоҳида аҳамиятга эга бўлиб келган. Ватани Хитойнинг Фошан шаҳри бўлган Вин Чун жанг санъати инсоннинг ўзига бўлган ишончи, иродаси ва жасоратини оширади. Мазкур спорт турини Самарқандда омалаштиришни мақсад қилган жанг санъатлари бўйича мутахассис Суннат Нарзиқулов муаллифлигида тайёрлаган мазкур услубий қўлланмада ушбу спорт турининг келиб чиқиши, тарихи, ривожланиши, тартиб-қоидалари, методик талаблари батафсил ёритилган.

Хитойнинг анъанавий жанг санати - Вин Чун 1940 йилларда ривожланган бўлиб, вилоятимизда 2018 йилдан буён бу спорт тури бўйича тўгараклар фаолият юритиб келмоқда.

“Вин Чуннинг пайдо бўлиши ва ривожланиши” (“Происхождение и гениалогия Вин Чун”) деб номланган мазкур китоб ушбу спорт тури билан шуғулланувчиларнинг назарий билимларини оширишда қўл келади.

Ҳусан ЭЛТОЕВ.